Аллоҳ таоло инсониятни беҳисоб неъматлар билан сийлаган. Улар орасида инсон учун энг бебоҳоларидан иккитаси сиҳат саломатлик ва ҳотиржамликдир. Дарҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турган инсон уларнинг қадрига етиши лозимдир. Лекин, халқимизда “Иссиқ жон, иситмасиз бўлмас” деган, нақл бор. Албатта бу нақл бежиз айтилмаган. Зеро, ҳасталик гудакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди.
Беморни зиёрат қилиш эса Ислом динида энг савобли амаллардан ҳисобланади. Бунга, ушбу келтириладиган ҳадислар ажойиб далилдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Бемор биродарининг зиёратида борган мусулмон киши, то қайтиб келгунча, жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади” ва бошқа ҳадисда “Бир киши касал кўришга борса, у раҳмат ҳовузида сузади. Агар касалнинг олдида ўтирса, раҳмат ичида чўкади”, деганлар.
Ривоят қилинишича, бир киши, Умму Дардо разияллоҳу анҳунинг олдига келиб, қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. У киши овутдилар: “Унинг энг катта давоси касалларни бориб кўриш, жанозага қатнашиш ва қабристонни зиёрат қилиш”. У киши бир муддат шундай қилдилар ва қалби юмшаганини сезиб, ичида бир хурсандчилик тўйди, сўнг Умму Дардонинг олдига келиб: “Сизни Аллоҳ таоло мукофатласин”, деди.
Барча эзгу амаллар каби беморни зиёрат қилишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Бир одам бемор кишини фақат Аллоҳ таоло розилиги учун кўришга борса, Аллоҳ таоло у ҳақда шундай дейди: “Жуда яхши қилдинг. Боришинг ҳам чиройли бўлди. Жаннатда ўзинга бир манзил тайёрладинг”, дейди.
Бормаслик ҳижолатли иш деб маломатдан қўрқиб ҳасталарнинг зиёратига боришда савоб йўқ. Чунки у атрофдагилардан уялганидан борди. Аллоҳ таоло ризосини топишни ният қилгани йўқ.
Исломда барча ишларнинг ўз одоби бўлганидек, беморларни зиёрат қилишнинг ҳам ўз одоблари бор. Улардан бири бемор молол оладиган даражада унинг олдида узоқ қолмоқ. Чунки ҳадисда шундай дейилган: “Касални зиёрат қилишнинг энг афзали унинг ёнидан тезроқ туриб кетишдир”.
Яна қуйидаги ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Беморни зиёрат қилиш одоблари ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Сиздан бирортангиз касал кўришга борса, у билан қўл бериб кўришсин ва қўлини беморнинг пешонасига қўйиб аҳволини сўрасин, унга шифо ва узоқ умр тиласин, ундан ўзининг ҳаққига дуо қилишини сўрасин. Зеро, касал кишининг дуоси фаришталарнинг дуоси каби ижобатдир”. Бундан ташқари яна беморнинг тузала бошлаганига ишора қилиш, самимий сўзлар билан унинг кўнглини кўтариш ҳам одоблардир.
Л. Олимов
Китоб тумани “Хожа Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби