1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСРОФ – МЎЪМИНГА ЁТ АМАЛ

29-02-2020, 14:38 453 Ўқиш режими + -

ИСРОФ – МЎЪМИНГА ЁТ АМАЛ

 

Аллоҳ таоло, Одамни яратгандан сўнг унга турли нозу неъматларни ато этиб, мана шу неъматларнинг шукрини қилишликка буюриб, исрофгарчиликдан қайтарди. “Исроф” сўзи асли арабча сўз бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўз ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади. Демак, ушбу таърифлардан исроф маълум бир нарсага хос эмас, балки умумий бир нарса эканлиги билинади. Динимизда инсоннинг азиз умридан тортиб, унинг молу мулки, турли харажатлари ёки кийиниши ёки турли маиший ҳолатларида ҳам исроф  бўлиши, ундан четда бўлиш таъкидланади. 

Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида:

وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلاَ تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31). Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ таоло берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир.

Нақл қилинишича Ҳорун ар-Рашиднинг табибларидан бири ўз замонасида етук олим бўлган Алий ибн Ҳусайнга: “Сизнинг Китобингизда (яъни Қуръони каримда) тиб илмига оид ҳеч нарса йўқ. Илмнинг ўзи икки хил: дин илми ва бадан (тиб) илми бўлади”, дебди. Шунда Алий ибн Ҳусайн унга “Аллоҳ таоло тиб илмининг борини “енглар, ичинглар, (аммо) исроф қилманглар” деган жумлаларига жойлаб қўйган” деб, жавоб қайтарган экан. Инсон, Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларни тановул қилишда исрофга  йўл қўймаса, нафақат унинг иқтисоди учун балки, соғлиги учун ҳам кону фойда эканлигини ушбу оятдан билиб оламиз.  

Тўй ва маърака-маросимларни ўтказишда исрофгарчиликка йўл қўймаслик динимиз ҳамда ҳукуматимизнинг талаби десак тўғри бўлади. Ўткинчи орзу-ҳавасни деб ҳаётимизни машаққатга тўлдириб, охиратда ҳам бўйнимизга оғир жавобгарликни илиб олмаслигимиз керак. Зеро, исрофгарлар шайтонларнинг биродарлари эканлигини қуйидаги оятида баён қилиб, шундай марҳамат қилади:

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримда:

وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلَا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا (26) إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا (27)

 “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”, деган. (Исро сураси 26-27-оят)

Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари ҳаражат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ҳам ман этилган амаллардан экан. Нафақа қилиш ва мол-дунёни сарфлашда ўртача йўлни ушлаган ва унга амал қилган инсонларни Аллоҳ таоло мадҳ этиб:

وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا (67)

 “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”, деган. (Фурқон 67-оят)

Исроф  деганда  фақат  маблағ,  бойлик  ёки  мулкни совуриш  тушунилмайди.  Қимматли  вақтни  беҳуда  кетказиш,  фойдали  ишларга сарфламаслик  ҳам  исрофдир. Куч-қувват  ва  салоҳиятни  эл-юртга  ёки  ўзига фойда  келтирмайдиган  нарсаларга  йўллаш ҳам  исрофдир.  Исрофга йўл қўймаслик, уни олдини олиш, чораларини кўриш буюк хислат экани ҳадиси шарифларда баён қилинган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْهَدْيُ الصَّالِحُ، وَالسَّمْتُ، وَالْاِقْتِصَادُ جُزْءٌ مِنْ سَبْعِينَ جُزْءًا مِنَ النُّبُوَّةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз с.а.в: Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Демак, ўзини салоҳиятли тутиш, гўзал кўриниш, вазминлик, сукут, виқор ва тежамкорлик набийлининг етмиш жузидан бири экан.

Албатта, пайғамбарлик буюк, олий бир мақом. Аллоҳ субҳанаҳу ватаоло бундай олий мақомни саноқли бандаларига берган холос. Лекин ана шу олиймақом сифатнинг остидаги мазкур сифатлар нубувватнинг етмиш бўлагидан бири экан. Бу нарсага яқин бўлиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. 

Доим аҳли солиҳлардан бўлиб, ҳидоятда юриш, ўзини ораста тутиш, одоб билан виқор билан юриш ҳамда тежамор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳуда сарфламаслик пайғамбарликнинг етмиш бўлагидан бир бўлаги экан. Буни ҳар бир мўмин мусулмон – эркагу аёл, ёшу қари яхши ўзлаштириб олиб, ҳаётга тадбиқ қилмоғи лозим. 

Мўмин-мусулмонларимиз ўзлари учун савоб касб қилинадиган нарсаларда ҳам исрофга йўл қўймаслиги диний кўрсатмаларда таъкидланади:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْروٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ بِسَعْدٍ وَهُوَ يَتَوَضَّأُ فَقَالَ: مَا هَذَا السَّرَفُ يَا سَعْدُ؟ قَالَ: أَفِي الْوُضُوءِ سَرَفٌ؟ قَالَ: نَعَمْ، وَإِنْ كُنْتَ عَلَى نَهْرٍ جَارٍ (رواه الإمام أحمد والإمام ابن ماجة .(

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъд розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида “Эй Саъад бу исроф нимаси”, – дедилар. Саъад розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсанг ҳам”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

 Маълумки ғусл ва таҳорат мусулмон бандаларига фарз ибодатлардир. Шундай нарсаларда исроф жоиз бўлмагандан кейин, ибодат ҳисобланмаган бошқа ишларда албатта мумкин эмас. 

Утган улуғларимиз ҳар бир ишда исрофдан қочганлар: Ҳазрати Умар р.а ўз ўғлига васият қилатуруб: Кафанимда исроф қилманглар. Агар мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, менга унинг бадалига ундан кўра яхши нарсани берилади. Қабримни ҳам иқтисодли қилинглар. Агар мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, менга уни кўзим етадиган жойгача кенг қилиб қўяди, деган эканлар.

Шундай экан, ҳар бир мўмин мусулмон ҳаёти мобайнида турли хил исрофларга йўл қўймасдан, илоҳий китобларда зикр қилинган оят ва ҳадисларга мувофиқ яшамоқлари лозимдур.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ниҳоятда бир ибратли гаплари бор: “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқдир”. Ҳар қандай ишда исрофга йўл қўйилса, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ. 

Аллоҳ таоло барчаларимизга исрофнинг ҳақиқатини ва оқибатини англаб етадиган ва унга қарши кураш олиб бориб, Ўзининг розилигини топадиган аброр бандаларидан бўлишимизни насиб этсин!

 

 

Исмоил Сармонов 

 

Қамаши тумани “Ҳазрати Мир 

Алишер Навоий” жоме масжиди 

имом ноиби