Донишмандлар ҳасад қилувчига қуйидаги балолар келиши ҳақида огоҳлантирганлар. Улар қуйидагилар:
- Ҳасад гуноҳ ишларга бошлайди.
Дунёнинг аввалида Шайтон инсонга ҳасад қилди. Ҳасад туфайли Шайтон Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор, осий бўлди. Ва Аллоҳ таолонинг даргоҳидан лаънатланиб ҳайдалди.
- Ҳасад бировга зулм қилишга бошлайди.
Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Одам (а.с.) нинг ўғилари Қобил билан Ҳобилга қурбонлик қилишликни буюрди. Ҳобил ўз қўйларидан энг чиройлисини қурбонликка танлаб, қурбонлик қилади. Қобил деҳқончилигидаги энг ёмон маҳсулотни қурбонликка атади. Одам (а.с.) дуо қилдилар, осмондан олов тушиб, Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлди. Ва Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлиши билан Қобулнинг Ҳобулга нисбатан ҳасадини юзага келтирди . Қобул ҳасаддан тийилмади, у охир оқибатда жиноятга қўл урди. Ер юзида энг аввал инсон қони ҳасад туфайли тўкилди.
3. Ҳасад юзи қароликни келтириб чиқаради. Юсуф (а.с.) нинг кўрган тушлари сабаб акалари ҳасад қилдилар. Ва Юсуф (а.с.)ни қудуққа ташлаб, уни бўри еди, деб зулм қилишади. Юсуф а.с. акаларининг ҳасад сабабли қилган зулмларига сабр қилдилар. Ва охири сабр туфайли Юсуф (а.с.)нинг юзлари ёруғ бўлиб, ҳасад қилган акалари эса ҳасадлари туфайли юзлари қаро бўлди.
4. Ҳасад савоб ишларни йўққа чиқаради.
Ҳасад инсонийликка тўғри келмайдиган, ва у инсондаги савоб ишларни йўққа чиқарадиган жирканч одатдир.
5.Ҳасади бор кишининг дуо ва ибодати қабул бўлмайди. Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “ Уч кишининг дуоси қабул бўлмайди. Улар луқмаси нопок, ғийбатчи ва ҳасадчи кишилардир”.
- Ҳасад эгасини фойдасиз ва оқибати йўқ ғам-ташвиш, қийинчиликларга солади. Донишмандлардан бири айтади: “ Ҳасад қилувчи одамдан бахтсиз киши йўқ, чунки унга ҳар доим ғам-қайғу ҳамроҳ бўлади”.
- Ҳасад инсон қалбидан раҳмни чиқариб ташлайди. Донишмандлар бири: “ Ҳасад қилишдан сақлан, шунда қалбинг пок юради”.
- Ҳасад инсонга хорлик келтиради. Донишмандлар: “ Ҳасад инсонга хорлик келтиради”, дейишади.
- Ҳасад қилувчи кишининг соғлигига зарар беради. Луқмони Ҳаким ўз фарзандларига насиҳат қилиб шундай дейди: “ Ўғлим, ҳеч қачон бировга ҳасад қилма, ҳасад ҳасадчининг соғлигига келган офатдир”.
- Ҳасад инсоннинг омадини кетишига сабаб бўлади.
- Ҳасади бор одам жаннатга кирмайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Ҳасад қилувчи менинг умматим эмас”, деганлар.
- Ҳасад инсонни дўзахга киришига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Олти нафар киши дўзахга киради, шулардан бири ҳасадчидир”, деганлар.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга ҳасад қилишдан асрасин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими