Вақтни исроф қилмайлик
Биз ўтказиб юбораётган ҳар бир вақт, ҳар бир дақиқа, соат, кун, ой ва йил - буларнинг барчаси биз учун ниҳоятда қадрли бўлмоғи керак! Баъзан биз аҳамият бермаётган лаҳзалар ҳам кимлар учун орзу ва кимлар учун армондир.Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши лозимдир.
Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг бебаҳо неъматларидан бири бўлган вақтни қадрлашга, унинг аҳамиятини қалбдан ҳис этишга, инсон фаолиятининг ажралмас қисми бўлган қимматли вақтни бефойда ишларга сарфламасликка чақиради. Қуръони каримда инсонларнинг вақт ўлчовларини билиб олишлари учун қуёш ва ой уларга бўйсундириб қўйилгани, бу Парвардигорнинг улуғ неъматларидан экани ҳақида шундай марҳамат қилинади:
“У эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирига) ўринбосар қилиб қўйган Зотдир” (Фурқон сураси, 62-оят).
Яъни, Аллоҳ таоло кеча ортидан кундузнинг, кундуз ортидан эса кечани келадиган қилиб қўйди. Демак, ким улардан бирини беҳуда амаллар билан ўтказса, иккинчисида ўша қилган хатоларини тўғрилашга имкон берган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам вақтнинг қиймати ва аҳамияти алоҳида таъкидланади. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида вақт, кун, ой ва йил ҳар бир инсоннинг зиммасидаги улуғ бир масъулият ва қарз экани зикр этилади. Ҳатто ҳисоб-китоб кунида бандага бериладиган асосий тўрт саволдан иккитаси ана шу вақт ҳақида бўлиши ҳадисларда таъкидлаб ўтилган. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчисида – умрини нима билан ўтказгани; иккинчисида – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчисида – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчисида – илмига қандай амал қилганидан сўралади”.
Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо қилади: “ эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалинга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам қиёмат кунигача қайтмайман”.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бундай деб марҳамат қилганлар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, вақт тушунчасида ўтмишимиздаги фойдали нарсалардан ибрат олиб, салоҳиятли аждодларнинг манфаатли ишларини давом эттириб, бугуннинг ҳаққига риоя қилиб, кундалик вазифаларимизга бефарқ бўлмай ва жамиятга, халққа фойда келтириш, келажакка тушкунлик назар билан қараб шумланмасдан, яхши кунлар, улкан ўзгаришлар умиди билан яшамоқ, ўтказган ҳар бир кунимиз ва соатимиз борасида ўзимизни мунтазам сўроққа тутмоқ йўлларнинг энг тўғриси ва яхшисидир. Биз учун олтиндан қиммат бебаҳо вақтларимиз, кунларимиз, соатларимиз ва дақиқаларимиз ҳамда ҳар бир кираётган ва чиқаётган нафасларимиз ҳисоб-китобли эканини асло унутмайлик.
Муродуллахон Нуриддинов
Қамаши тумани “Қоратепа” жоме
масжиди имом хатиби