Фитна қўзғовчи бўлманг
9174
13-06-2023, 09:16
185
Ўқиш режими
+
-
Мўмин –мусулмонлар орасида фитна қўзғаш энг ёмон ишлардандир. Айниқса, бирор мамлакатнинг аҳолиси тинч яшаб келаётган пайтда шу мамлакатнинг бошлиғига итоат қилмаслиги, унга қарши бош кўтариб кишилар ўртасига фитна қўзғаб юрувчилар тоифаси боғийлардир. Боғийлик динимизда қораланади. Имом Таҳовийнинг ақида китобида қуйидагиларни ўқиймиз:“Подшоларимиз ва раҳбарларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам, хуруж қилмаймиз, уларни дуоибад ҳам этмаймиз. Итоатидан бош тормаймиз. Уларга итоат этишни Аллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни, фарз деб биламиз. Гуноҳ ишларга буюрсаларгина итоат этмаймиз. Уларнинг ҳаққига яхши дуолар қилиб турамиз”.
Агар боғийлар ҳақ устидаги раҳбарга қарши чиққан пайтларида ўлдирилса, уларга жаноза ўқимаслик ҳақида фуқаҳолар фатво беришган.
Ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг бошлиғига, раҳбарларига итоат қилиши лозим. Аллоҳ таоло шундай деди “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинглар. Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этинглар!” (Нисо сураси, 59-оят).
Пайғамбар (с.а.в.): “Кимки менга итоат қилса, батаҳқиқ Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга исён қилса, батаҳқиқ Аллоҳга исён қилибди” деди (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими