Баъзи бир гуруҳлар мусулмон эканликларини даъво қиладилар-у, аммо Ислом динида одам ажратишга ўтадилар. Ислом дини бир бутун диндир. Уни ичида айирмачилик қилиш, одам ажратиш ислом динига зарар беришдир. Мўмин-мусулмонлар орасида ўзаро одам ажратишлик, айирмачилик қилишлик хунук ишдир.
Айирмачилик қилишлик турли хил ихтилофлар, ўзаро низо, мажораларни келитириб чиқаради. Адашган тоифаларнинг мақсадлари ҳам айирмачилик орқали бир мўминни иккинчи мўмин билан уриштириш, мўминни мўминга гижгижлаш, янги мажоралар келтириб чиқаришдир.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни айирмачилик қилишдан, уларни ҳамжиҳатликка буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга булинманг ҳамда узаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қуйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг! Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз . Дўзах чоҳи ёқасида тургангизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд хақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг каломи булмиш Қуръони каримни “маҳкам тутиш”га буюрмоқда. “Қуръони карим” маҳкам тутилганда, уни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўлдан қўйиб юбормасликка ҳаракат қилинади. Қолаверса, оятда бу ишни ҳамжиҳат бўлиб, барча биргаликда қилишга буюрилмоқда. Акс ҳолда, айирмачилик қилинса, ҳар ким ўз ҳолича бўлса, ўртада тафовут, келишмовчилик, мажоралар чиқиши табиий ҳолдир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Албатта Аллоҳ таоло сизлар учун уч нарсада рози бўлиб, уч нарсада норозидир. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилсангиз, Аллоҳнинг арқони бўлмиш Исломни жам бўлиб маҳкам ушлаб, фирқаланиб кетмасангиз, рози бўлади.Аммо “деди-деди” деб, беҳуда гапни кўпайтирсангиз, кўп савол берсангиз ва мол-дунёни беҳудага сарф қилсангиз, сиздан норози бўлади”, -дедилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳамжиҳат бўлиб, тинч-тотувликда яшаш бахтига муяссар айласин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими