1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Одамларга динни оғир қилиб кўрсатмайлик

23-06-2023, 15:20 143 Ўқиш режими + -
Ислом дини енгиллик динидир. Ислом динини одамларга оғир қилиб кўрсатишдан сақланайлик. Динда чуқур кетиш муаассибликни келтириб чиқаради 
Мутаассиблик – ўз фикр-мулоҳаза ва дунёқараши тўғрилигига ўта қаттиқ ишониб, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш демакдир. Мутаассибликка йўлиққан шахс жамиятда беқарорликни вужудга келтиришга уринадилар. 
У жамият, халқ, қолаверса, бир дин вакиллари орасида ҳурматсизлик, келишмовчилик, ўзаро адоват ва фирқачилик каби салбий омилларни келтириб чиқариши билан ҳам ўта хавфли хусусият касб этади. 
Ислом дини мутаассибликка хайрхоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради. 
Ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганини эслашимиз ўринлидир. Шу маънода, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси-шарифда шундай дейилади: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”. 
Шунингдек, Ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадиси-шарифда: “Динда чуқур кетадиган (мутанаттиъийн)лар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганларлар ҳалок бўлди”, – дейилади (Имом Муслим ривояти). 
Мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-шарифда Набий алайҳиссалом Муоз разияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, – деган эканлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ўринда Муоз разияллоҳу анҳу бир жамоатга имом бўлиб, намозни чўзиб ўқиганларида саҳобалар Пайғамбаримизга шикоят қилган эканлар. У зот: “Эй Муоз, фитначимисан!”, – деб айтган эканлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло “Жосия” сураси 23-оятида шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад), ҳавойи-нафсни ўзига “илоҳ” қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!”. 
Демак, мутаассиблик ортида ҳавойи-нафсга эргашиш каби қабиҳ сифат ҳам мужассам эканини кўрамиз.
: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳина, 8).
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мен дунёю, охиратда Исо ибн Марямга одамлар ичида ҳақлироғиман”. – “Қандай қилиб, эй Аллоҳнинг Расули?!” – “Пайғамбарлар Аллоҳнинг биродарларидир. Оналари ҳар хил ва динлари бирдир. Бас, бизнинг орамизда Пайғамбар йўқдир” (Муслим ривояти).
Шунингдек У зот: “Асабийятга (яъни таассубликка) чақирганлар биздан эмас”,  – деганлар (Муслим ривояти).
Ўзларидан бошқа мусулмонларни ёппасига куфрни нисбат беришгача борадиган мутаассибларни огоҳлантираман. Зеро, ҳадиси-шарифда қуйидагича келади: “Албатта, ким ўз биродарига эй кофир, деса, батаҳқиқ икковининг бири у билан қайтади” (Бухорий ва Муслим ривояти). Яъни икковидан бири кофир бўлади. Агар айтган одам ҳақ бўлса айтилган киши кофир бўлиши маълум, аммо у ноҳақ бўлса, ўзи кофир бўлади. 
Хулоса шуки, динни татбиқ қилишда нотўғри услубларни қўллашни ислом оқламайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлингиз, (насиҳатга) қулоқ тутингиз ва итоат этингиз ҳамда эҳсон қилингиз, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқдир. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, айнан ўшалар нажот топувчидирлар” (Тағобун, 16).
Бирор-бир фикрда таассублик қилиш ва уни бошқаларга мажбурлаш шаръан ман қилинган ишдир. Ҳақиқатлигида шубҳа бўлмаган ишда, агар бошқаларга зарар берилмаса, ўша ишга чин дилдан киришиш яхшироқдир. 
Жамиятда масъул одамлар ҳаққа қарши чиққанларни ислоҳ қилиш вазифасини ўз зиммаларига олишлари керак. Бунга қуйидаги тарихий воқеани мисол сифатида келтиришимиз мумкин: “Улуғ саҳобий Абу Зарр ал-Ғифорий мусулмон киши бир кунлик озуқадан ортиғини сақлаши ҳаромдир, деган фикрда эди. Ваҳоланки, бу иш исломда жоиз эди. Ҳазрати Умар халифалик лавозимида ишлаб турган вақтида улуғ саҳобий бўлишига қарамасдан Абу Зарр ал-Ғиффорийни фитнага сабаб бўлиб қолмаслиги, шунингдек, мутаассиблик қилгани учун уни қаттиқ койиб, Мадинадан четроққа бадарға қилади”. 
Асримизнинг кўзга кўринган уламоларидан Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ўз асарларидан бирида мутаассиблик ҳақида қуйидаги фикрни билдиради: “Мен бу замонда баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи-нафсидан келиб чиқадиган, ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми билан бирлашмайдиган ва уларнинг ҳужжатига бўйсинмайдиган янгича ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман”.
Демакки, динни ўзининг дунёқараши доирасида маҳкам тутиш, ундаги вожиб амалларни адо қилишда уларга эргашмаган кишиларни ёмон кўриш, улар билан низо чиқариш, тарқоқлик ва фитнага сабабчи бўлиш айни мутаасибликнинг ёрқин кўринишидир.
Ислом динимизнинг мужтаҳид уламолари Қуръон ва Сунна асосида қилган ижтиҳодларининг натижасини айтгандан кейин: “Менинг фикрим хатога эҳтимоли бор бўлган тўғри раъй (яъни фикр). Мендан бошқанинг фикри эса тўғрига эҳтимоли бор бўлган хато раъйдир”, – деган сўзлари ривоят қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. Зеро, Аллоҳ таоло Каломи шарифида марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди” (Бақара, 185).