Аллоҳ Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Барчангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонни) маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. ...”. (Оли Имрон сураси, 103-оят). Ушбу оятнинг тафсирида “Тафсири Ҳилол”да шундай дейилади: “Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръон каримни маҳкам тутишлари лозимдир. “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг”. Бу оятнинг ушбу жумлалари мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. “... ва бўлиниб кетманг”. Аввал бирлашишга чақириб туриб, ортидан бўлинмасликка амр келаяпти. Шундан ҳам бу ишнинг нақадар муҳим эканини билиб олса бўлади. Имом муслимдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалоту васалам: “Албатта, Аллоҳ сизларга уч нарсадан рози бўлади ва уч нарсани ёмон кўради.: Унинг Ўзига ибодат қилиб, ширк келтирмасликларингиз; барчаларингиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутиб, бўлиниб кетмаслигингиз ва сизга ишбоши бўлган шахсга насиҳатда бўлишингиздан рози бўлади “Деди-деди” дейиш; кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради” дедилар” дейилади”
Пайғамбар (с.а.в.) Имом Аҳмад дан ривоят қилинган ҳадисда: "Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) узун бир чизиқ чиздилар ва: "Бу Аллоҳнинг тўғри йўли" - дедилар. Кейин унинг атрофига бир нечта майда чизиқлар тортдилар ва: "Бу залолат йўллари, бу йўлларнинг бошида шайтон турибди" - дедилар ва Қуръони каримдан қуйидаги оятни ўқиб бердилар: "Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир" (Анъом сураси, 153-оят).
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни ҳар хил бўлинишлардан асраб, Ўзи рози бўладиган ҳамжиҳатликка, иттифоққа сари йўлласин! Барчаларимизга икки дунё саодатига етиш насиб қилсин!
А. Омонов
Косон туман “Чоргумбаз” жоме масжиди имом-ноиби