Интернет таррмоқларида айрим кишилар одамларни алдаб фитнага чорлаш билан шуғулланмоқдалар. Фитна жоҳиллик натижасида келиб чиқади.
Аллоҳ таоло фитна ҳақида Ўзининг Каломи шарифидаги “Бақара” сураси 191-оятида: “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш (одам)ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир”, деб ўз бандаларини турли кўринишдаги фитналардан эҳтиёт бўлишга буюради. Чунки, инсоннинг маънавий ўлими унинг жисмоний ўлимидан аянчлироқ, ёмонроқдир. Шу боис ҳам, ояти каримада инсонлар орасида фитна, фасод ишларни тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ эканлиги айтилмоқда, чунки инсоннинг руҳини ўлдириш – унинг жасадини ўлдиришдан фожиалироқ, оқибати эса даҳшатлироқдир. Жамиятдаги инсонлар ўртасида фитналар, келишмовчиликлар содир бўлганда нима қилиш кераклиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.
Аслида, бу каби фитналар мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш ёки бир юртда турли дин вакилларининг эмин-эркинликда, ўз динларига бемалол амал қилиб, тинч ва осойишталикда, ўзаро бағрикенгликда яшаётганини кўра олмаётган ғаразли кучлар томонидан уюштирилаётганини ёддан чиқармаслик зарур.
Хулоса, мусулмон киши ҳадисларда келтирилганидек, доимо ҳушёр, зийрак бўлиши, атрофда содир бўлаётган ҳар хил фитна ва қалтис жараёнларга теран назар ила боқиши лозим.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими