Қарз одамнинг бўйнида турадиган юкдир. Бу ҳақда Луқмони Ҳаким ҳам шундай деган эканлар: “Тошни кўтариб кўрдим, темирни кўтариб кўрдим, аммо қарздек оғир юкни кўрмадим”. Бировдан қарз олиб, уни узишгача бўлган даврда инсон оғир юк остида бўлади. Қачонки, инсон қарзни эгасига қайтариб берар экан, у оғир юкдан холос бўлган каби бўлади.
Маълумки инсоннинг ҳаёти бир хил кечмайди. Баъзан тўкин-сочин кунлар бўлади, баъзан эса етишмовчилик бўлган кунлар ҳам бўлади. Зарурат юзасидан инсон бошқа бировдан қарз сўраши мумкин. Бировга қарз бериш динимизда савоб ишлардандир. Қарз бераётган киши бераётган қарзидан бирор моддий манфаат, фойда кутмасдан, балки бир мўъмин-мусулмоннинг муҳтожлик пайтида унга ёрдамлашиб юборишни ният қилади. У Аллоҳ таоло розилиги йўлида савобга рози бўлади.
Бир муҳтож мўъмин-мусулмонга қарз беришнинг савоби садақа қилгандан кўра кўпроқдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилвар: “ Садақа қилганга ўн савоб, қарз берганга ўн саккиз савоб”( Имом Бухорий ривояти). Садақа муҳтож ёки муҳтож бўлмаган кишининг қўлига тушиши мумкин. Аммо қарз эса муҳтожлиги туфайли қарз сўраб келган кишининг қўлига берилади. Қарз бериб туриш юксак фазилатли ишлардан бўлсада, қарзни ўз вақтида қайтариб бериб, қарз берган кишига миннатдорчилик билдириш ҳам савоб ишлардан ҳисобланади.
Қарз оғир юк бўлиб, уни ўз вақтида бермай юриш зулмдир. Бу ҳақда ҳадисда: “ Имконияти бўла туриб қарзини узишни кечиктириш зулмдир”, дейилади. Қарздан қутилишнинг битта йўли бор, у ҳам бўлса қарзни ўз эгасига қайтаришдир. Агар қарз берилмай қолар экан у қарз бу дунё, у дунё кишининг бўйнида қолади. Шу сабабли ҳадисда қарзини бермай вафот этган киши ҳақида шундай дейилади: “Қарздор киши қабрида кишанланган ҳолда бўлади. Қарзини адо этилишгина уни кишандан озод қилади”. Қарздор одамнинг қўли қачон қарз берган одам қарзидан ўтиши билан ечилади. Қарз берган киши рози бўлмаса, унинг гуноҳини кечирилмайди. Шу туфайли айрим қарзи бор кишилар: “Эй бор худо, тез кунларда қарзимни тўлаб, ундан қутилишга муваффақ қил”, деб дуо қилишиб, қарзни узишга ғайрат қилишади.
Инсон қарз олаётганда тўғри келса узаман, тўғри келмаса, қарз турар, деб эмас, балки албатта, қарзни узаман, деб ният қилиши лозим. Чунки ҳамма иш ниятга яраша бўлади. Ниятини тўғри қилиб, ҳаракатини қилса қарздан албатта, халос бўлади.
Қарз бериш ва қарзни ўз вақтида қайтариб, қарз берган кишига миннатдорчилик билдириш инсонлар орасида меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилади.
Р. Акбаров.