Инсон бирор маконда турар экан у бу маконда бошқа инсонлар билан қўшни туради. Қўшнининг ҳурмати унинг ҳаққини адо этиш билан бўлади. Қўшничиликнинг ҳаққи нима? Пайғамбаримиз ( с.а.в.):
“ Қўшничилик ҳаққини биласизларми? “деб, сўрадилар. Ва у зот:
Агар қўшни ёрдам сўраса, ёрдам беринг, ҳимоя ўраса, ҳимояга олинг.
Агар қўшни маслаҳат сўраса, маслаҳат, қарз сўраса,қарз беринг.
Агар қўшнингизга яхшилик етса,уни яхшилик билан қутланг, мусибат етса, унга тасалли беринг.Қўшнига азият берманг.Қўшнига уйларингдаги овқат ва мевалардан бериб туринглар. Қўшни касал бўлса, ундан хабар олинг. Мабодо вафот этса, жанозасида иштирок этинг.
Қўшничиликда диннинг, миллатнинг, насл –насабнинг аҳамияти йўқ. Қўшни ким бўлишидан қатъий назар уни ҳурматлаш лозим, унга озор бериш эса ҳаромдир.
Инсонлар ўртасида дўстлик, меҳр-муҳаббат ва яхшиликларни жорий қилишда яхши қўшничиликнинг ўрни жуда муҳимдир. Яхши қўшничилик алоқалари туфайли жамият кишилари ўртасида меҳр-оқибатли, ҳар хил кунларда инсонларнинг бир-бирлари билан ҳамдард бўлишлари, яхшиликда ҳамкорлик қилишлари каби инсоний фазилатлар мустаҳкамланади. Бу эса ҳар бир жамият учун хотиржамлик, тинчлик бахш этадиган омиллардан ҳисобланади.
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими