Мусулмон талишиб-тортишмайди
9359
19-07-2023, 16:57
156
Ўқиш режими
+
-
Интернет тармоқларида айрим кишиларнинг бошқа кишилар билан талашиб-тортишаётганликларини гувоҳи бўламиз. Аслида мусулмонларнинг бир-бирлари билан динда талашиб-тортишишлари яхши эмас. Ислом динида мусулмонларнинг ўзаро ихтилоф қилишлари, талашиб-тортишишлари қораланади.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-шарифда Набий алайҳиссалом Муоз разияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, – дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Мусулмонларнинг бир-бирлари билан талашиб-тортишишлари ўзаро адоватни, тарафкашликни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло “Қуръони Карим”да: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонни) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг” дейди. (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ўзарор талашиб-тортиши мўмин-мусулмонни бир-бирига қарши қилиб қўяди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”дейдилар. ( Имом Муслим ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни динда талашиб-тортишишликдан асраб, бир-биримиз билан ўзаро ҳамжиҳатликда, бирликда бўлишга муваффақ қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими,
Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имом хатиби