1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

СОХТА САЛАФИЙЛАРГА РАДДИЯ

2-03-2020, 15:18 485 Ўқиш режими + -
    
 

Сохта салафийларга раддия
 
 Сохта салафийларнинг тавассул борасидаги тор қарашлари Қуръон, суннат, аҳли сунна ва жамоанинг жумҳур уламоларининг қарашларига зиддир.
 Тавассулнинг луғавий маъноси “ у билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” деган маънони англатади. 
 Истилоҳий маъноси эса “ дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш”, тавассул деб аталади 
      Ислом динида хар бир амалнинг тартиб-қоидаси бўлганидек, тавассулнинг хам ўзига хос қатъий қоидалари мавжуд.
     Биринчидан, тавассул қилишда талаб ва эҳтиёж Пайғамбар (алайҳис-салом) ёки қайсидир пирдан сўралмайди. Айниқса, ўтиб кетган авлиёлар, улуғ зотлар қабрига бориб улардан фарзанд, бахту саодат сўраш каби ҳолатлар тўғри эмас. Балки уларнинг ҳаққига дуо қилиш ва уларнинг сабабидан дуолар ижобатини Аллоҳдан сўраш тавассул борасидаги тўғри йўлдир.
       Иккинчидан, васила қилинаётган шахс сабабидан дуонинг Аллоҳ томонидан ижобат бўлишига умид қилинади. Шунингдек, васила қилувчи шахс дуонинг қабули Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экани, у тавассулсиз ҳам қабул бўлиши ва тавассул билан ҳам ижобат бўлмаслигини англаб етиши зарур. Лекин шуни унутмаслик керакки, диний кўрсатмаларга мувофик, тарзда тавассул қилиб, Аллоҳдан бирор нарса сўралганда унинг ижобати осонрок, бўлишини уламолар таъкидлаганлар.
Шунинг учун ҳам ислом динида тавассул қилиш яхши амаллардан саналади ҳамда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бунга оид кўрсатмалар мавжуд. Жумладан, «Моида» сурасининг 35-оятида: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан кўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз ҳамда Унинг йўли (тоати)да жидду жаҳд қилингиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз!» - дейилади. 
Тавассул борасида сўз юритган уламоларимиз бу оят шахслар ва амалларни васила қилиш мумкинлигини ўз ичига олади, деб таъкидлайдилар. Шариатдаги тавассулда ҳам зехнга биринчи келадигани шахс ва амални ўртага қўйишдир.Бунда тирик ва ўликни ажратиш фикри фақат рухларнинг йўқ бўлиб кетишига эътиқод қилувчилардан чиқиши мумкин.
Оят умумийлиги шахсларни ҳам қамраб олиши қуруқ фикр ёки луғавий маънонинг ўзигина эмас, балки бу динимизнинг мўътабар шахслари, жумладан, Умар (р.а.)дан ҳам ривоят қилинган. У киши ёмғир сўрашда Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг амакилари Аббос (p.a.) билан тавассул қилганлар. Бу Аллоҳ таолога васила қилишнинг бир кўринишидир.
Қуръони каримнинг «Нисо» сураси 64-оятида ҳам: «...Агар улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол Сизга келишиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун кечирим сўраганда, Аллоҳни кечирувчи ва раҳм-шафқатли эканини билган бўлур эдилар», дейилади. Уламолар бу оят ҳам Расулуллоҳ (алайҳис-салом)ни мағфират сўраш учун ҳаётликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам васила қилишнинг жоизлигига далил, деб ҳисоблаганлар.
Таассуфки, бугунги кунда айрим шахслар томонидан исломга оид бир қанча тушунчаларда ихтилофлар келтириб чиқарилаётгани маълум. Ана шундай ихтилофли ва тортишувли масалалардан бири бу тавассул масаласидир. Энг ачинарлиси шундаки, бу тортишувлар кўп ҳолларда тавассул қилувчини ширкда айблаш, керак бўлса, унинг қонию молига тажовуз қилишни ҳалол санаш билан якун топмокда. Шу каби тортишувларга зўр бериб киришаётган тоифалардан бири бу сохта салафийлардир. Улар масалага жуда тор ёндашган ҳолда бу борада келган оят ва ҳадисларни ўз фикрларини асослаш йўлида талқин этишга ҳаракат қилишмокда.
Уламолар наздида тавассулнинг бир қанча турлари айтиб ўтилган. Жумладан, солиҳ, амалларни васила қилиш, Пайғамбар ва солих, зотларни васила қилиш, солиҳ бандалардан дуо сўраш ва бошқалар.
Шундай экан, тавассул қилувчиларни ўйламай-нетмай мушрикка чиқариш оқил инсоннинг иши эмас. Боз устига бу айбловчининг иймонига ҳам путур етишига олиб келиши мумкин. Аммо шуни аниқ ёдда тутиш лозимки, тавассул қилишнинг аниқ услублари бўлиб, Аллоҳга ширк келтириб бир одамдан ўз ҳожатини  сўраб унга дуо қилинмайди. Ҳожат фақат Аллоҳдан сўралади.                                      


А.Бойқобилов.