Албатта, уламоларни эҳтиром қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир» (Мужодала сураси, 11-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а)нинг саҳобаларнинг улуғлари ва уламоларидан бири бўлган Зайд ибн Собит (р.а)га қилган қуйидаги ишлари эҳтиромнинг намунасидир: Абдуллоҳ ибн Аббос Зайд ибн Собит миниб олган уловнинг узангисидан тутиб, етаклаб юрар, Зайд унга миниб олиши учун ўз қўлини қўйиб турар ва: “Уламоларимизга мана шундай қилишга буюрилганмиз”, дер эди.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.
Аллоҳ таоло барчамизни уламоларни ҳурмат қиладиган инсонлардан қилсин!
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими