“Қуръони карим” ўқишнинг фазилати
9420
3-08-2023, 09:38
559
Ўқиш режими
+
-
Инсон бу дуёга келиб, ақлини танир экан, аста-секин бу дунёни нима учун яратилганлигини, уни ким яратганлиги ҳақидаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилади. Ҳар бир мўмин банда биладики, бу дунёни Аллоҳ таоло яратгандир. Инсон Аллоҳ таолога яқинроқ бўлиш учун Унинг каломи бўлган Қуръони каримни ўқийди.
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Уни ўқиш, ўқишни билмаса, ўқишни ўрганиш ҳар бир инсон учун катта бахт.
Қуръони каримни ҳар ким ўзи билганича ўқимайди. Қуръони карим тартил билан, дона-дона қилиб, тажвид қоидаларига биноан ўқилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Қуръони (карим)ни тартил билан тиловат қилинг” (Музаммил сураси, 4-оят). Ушбу оятнинг тафсирида шундай дейилади: “ояти каримадаги “тартил” сўзидан Қуръони каримни дона-дона қилиб, тажвид қоидаларига амал қилган ҳолда қироат қилиш тушунилади. Шунда уни фаҳм-тушунишингиз, у ҳақда фикр юритишингиз осон бўлади”.
Қуръони каримни ўқиш фазилати тўғрисида Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: “Кимки Аллоҳнинг китобидан Бир ҳарф ўқиси, унга бир ҳасана (савоб) ёзилади. У савоб (Аллоҳнинг даргоҳида) ўн баробар зиёда қилинади. Мен: “Алиф, лам, мим”ни бир ҳарф деб айтмайман, балки, “Алиф” бир ҳарф. “лам” бир ҳарф, “мийм” бир ҳарфдир” Имом Термизий ривояти).
Қуръони каримни ўқийдиган кишилар фаришталар мақомида бўлишади. Пайғамбар (с.а.в.):”Қуръонни маҳорат билан ўқувчи улуғ фаришталар билан бир мақомдадир, тили қийналиб тиловат қилувчига эса икки баробар кўп ажр берилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Қуръон каримни ўқувчи киши Қуръон каримни ўқир экан. ерда нурга, осмонда захирага эга бўлади. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни мен: “Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?” дедим. У зот: “Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларнинг бошидир”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг”, дедим. Шунда у зот: “Сен Қуръон тиловатини ўзингга лозим тут. Зеро у сен учун ерда нур ва осмонда захирадир”, дедилар” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да узун ҳадисда ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Қуръон ўқувчи кишига қўрқинч бўлмайди, унга ҳисоб етмайди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч (тоифа кишилар)ни катта қўрқинч қўрқита олмайди ва уларга ҳисоб етмайди. Халойиқ ҳисоб қилингунича улар мушк ичра бўладилар. (Улар) Аллоҳ розилиги учун Қуръон ўқиган ва у билан қавмга имомлик қилган, (жамоат) ҳам ундан рози бўлган киши, Аллоҳ розилиги учун беш вақт намоз ўқишга чақирган даъватчи ва ўзи билан Парвардигори ҳамда ўзи билан хўжайинлари орасини ислоҳ қилган қуллардир” . Байҳақий ривояти)
Қуръони каримни ўқувчи кишининг даражаси поғона-поғона кўтарилиб бораверади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламшундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувват (даражаси)га поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди, холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазаб қилган киши билан тортишиши ва жоҳил кишига қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас”
Қуръон ўқувчининг қалби Қуръон ўқиш билан жило топади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Темирга сув тегса занглаганидек бу қалблар ҳам занглайди”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” дейилди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон тиловат қилиш”, дедилар”
Мўмин-мусулмоннинг яхшиси Қуръони каримни ўрганиб, бошқаларга ўргатадиганидир. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга) ўргатувчиларингиздир” Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони каримни ўқиш бахтига доимо бардавом қилсин!
Маҳмуд қори Ахмедов,
“Абул-мўйин” номли “Ақида илми” мактаби қошидаги “Қуръони карим ва тажвид” курсининг ўқитувчиси