1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЛОҚАЙДЛИК –ЁМОН ИЛЛАТ

3-03-2020, 14:58 819 Ўқиш режими + -

Лоқайдлик –ёмон иллат


      Оила жамиятнинг  бир  бўлаги   бўлиб, унинг  аъзолари  ҳам   жамиятнинг таркибий  кисми  сифатида   одамлар  билан  боғланади. Ҳар бир  аъзонинг   ҳаракати жамият равнақига ўз таъсирини ўтказмай  қўймайди. Динимизда  жамиятни ислоҳ  қилиш, унинг фаровонлигини  таъминлаш ва келажаги порлоқ бўлиши учун унинг  ҳар бир аъзосига маълум  меъёрлар   белгилаб берилган. Шариат ҳукмлари ва ҳаёт сабоқлари жам қилинган кўплаб манбаларда бу меъёрлар ҳақида беқиёс ва беназр тушунчалар келтирилган. Ёшларни  жамиятга керакли  аъзо   қилиб  тарбиялаш ва  онгида   соғлом ақида, ватанпарварлик,   меҳр-мурувват тушунчаларини   уйғотиш ҳар бир масъулятли ота -онанинг асосий бурчи десак,  муболаға бўлмаса керак. Ҳозирги даврда, жаҳоннинг  қайси бурчагида бўлмасин ёшлар келажагига раҳна соладиган ёки маънавияти ва   онгига ўз  таъсирини  ўтказиш учун турли усулларни  қўлловчи ғаразли  кучлар борлиги кишилар юрагини ларзага солади ва чуқур фикр юритишга  ундайди. Бу вазиятда барча жамият аъзоларидан фарзанд тарбиясида бепарво ва лоқайд бўлмаслик талаб этилади. Минг афсуски,  юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятларга бефарқ оила бошилари ҳам кам эмас. Оқибатда бу лоқайдлик, катта жиноят ва ўзлари учун оғир хорликни олиб келишини унутиб қўймоқдалар. Ҳаётга лоқайд боққан киши қандай қилиб фарзандига сидқ,ирода,масъулят,бурч каби тушунчаларни уқтира олади? Бундай тарбия олган бола, қандай қилиб ота она,оила энг асосийси ватан равнақи ҳақида қайғуради?Расулуллоҳ саллоллоҳу ъалайҳи васаллам: ”киши фарзандини ёки бирингиз фарзандини одобли этиб тарбиялаши ҳар куни ярим соъ садақа қилишидан яхшироқдир” дедилар.Фарзанд гўдакликданоқ ота-она эътиборида, уларнинг меҳр-оқибати, соф эътиқоди йўғрилган оилада ўсиши ва тарбия олиши унинг комил инсон, ҳалқига манфаъатли, ҳар бир нарсадан огоҳ асосийси ўз бурчини англашида катта кўмак беради. Бундай фарзандлар келажагига ҳеч қандай ғаразли куч таҳдид сола олмайди,ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз масъулятини унутмайди. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу ъалайҳи васаллам: ”Мўмин зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади“ деб таъкидлаганлар. Баъзи уламоларимиз бу уч ҳислатни ўзида жамлаган кишини “фозил” деб ҳам  номлайдилар ва шундай таъриф берадилар: ”Фозил учун ғурбат йўқ, жоҳил учун ватан йўқ” яъни афзал мўъмин ўзи яшаётган  ерга ва унинг аҳлига хурматда эканлигидан ҳар доим эъзозда  бўлади. Уларни ҳар қандай кўнгилсизликдан  огоҳ қилиб, яхшиликка чақиради. ”Унвонул баён бўстонул азҳон” китобининг “Эҳтиёткорликка ундаш ва мақсадни маҳкам ушлаш” услубида ҳукамоларнинг шундай ҳикматлари келтирилган: ”Эҳтиёткорликни қалқон қилиб олинг, мақсадни ҳимоя воситаси қилиб олинг, мақсадни тафаккур билан қилинг”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом дини дин ва дунё учун зарур бўлган барча ҳукмларни ўзида мужассам қилган дин бўлиб, ислом шариатининг мақсадлари: динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асраш яъни кишиларга осонлик туғдириш ва улардан қийинчиликни аритишдан иборатдир. Биз дин ва шариат  ҳукмларини бутун дунёга илмий ва амалий  кўринишини танилишида буюк хизмат ва унутилмас жасорат кўрсатган авлодларга тугамас бойлик ва юксак илмий мерос қолдирган,уларни илм чўққисига адашмай чиқишлари учун махсус ва сон-саноқсиз мажмуалар қолдирган муҳаддису-мужтаҳидлар, фақиҳу-мутафаккирлар, сўз илми султонлари ҳамда соҳибқиронлар   авлодлари эканмиз, берилган неъматлардан тўғри фойдаланган холатда фарзандларимизда уларнинг шижоат ва жасоратларини шакллантириш учун қўлимиздан келганича биргаликда ҳаракат қилайлик. 

М. Ғуломов 
“Санчиқул” масжиди имом хатиби