Ростгўйлик – яхши фазилат
Инсонда яхши ва ёмон каби хулқий сифатлар мавжуд. Инсонлардаги хулқий сифатлардан бири ростгўйликдир.Ростгўйлик инсонлардаги яхши хулқий сифатдир.
Маълумки инсон хулқий сифатларда манфаат борлиги ёки уларнинг яхшилиги учун эмас, балки уларни яратганнинг амри сифатида ўзида мужассам қилади. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да:“ Эй инсонлар, Аллоҳ таолодан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз!”, дейди. ( Аҳзоб сураси, 70-оят).
Ростгўй киши ҳамиша тилини ёлғондан тийилади.Ростгўй одам ҳақиқий аҳвол ҳақида тўғри маълумот беради, хато ва камчиликларни тан олади. Юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тўғрисини гапиради.Баъзан айрим кишиларнинг ўз хато ва айбларини яшириш мақсадида рост гапиришдан юз ўгирганларини учратиш мумкин. Баъзан айрим кишилар рост гапирсалар зарар кўришлари мумкинлиги учун рост гапиришдан воз кечишади. Баъзан айрим кишилар рост гапирмасалар бирор манфаат бўлиши мумкинлигини ўйлаб, уни тарк қиладилар. Аслида ростгўй одам ҳар қандай ҳолатда рост гапириши лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда: “Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар, гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам, ёлғондан сақланинглар. Чунки барибир ёлғоннинг охири вой” дейдилар. ( Имом Бухорий ривояти)
Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида:“Чин сўз-мўътабар;қисқа-мухтасар. Кўп сўзлочи-зериктирувчи; қайта-қайта гапирувчи-ақлдан озган. Айб изловчи-айбли; киши айбини гапирувчи-ўзига ёмонлик соғунувчи. Тўғрилик билан қаровчи-покиза назарли; кишиларнинг яхши томонларини кўрувчи-тўғри назарли. Кимнинг миясида иллат бўлса-сўзида мантиқ бўлмайди. Мияси соғлом бўлса,гап-сўзи ёқимли ва хатосиз бўлади. Сўзи ҳисобсиз-ўзи ҳисобсиз.Сўзида паришонлик-ўзида пушаймонлик. Агар сўз гўзаллик зийнати билан безалмаган бўлса-унга чинлик безаги етарлидир. Ёлғончининг гапи қанчалик чиройли бўлса,шунчалик қабиҳдир.Чин сўз қанчалик бетакаллуфбўлмасин, сўзловчи учун таассуф йўқдир. Гул либоси йиртиқ бўлса ҳам зиёнсиз; садаф хунук бўлса ҳам инжу учун нуқсонсиз”.
Ростгўйлик инсонни яхшиликка чорлайди. Яхшилик эса инсонни жаннатга олиб боради. Бу ҳақда Пайғамбар (с.а.в.): “Албатта, ростгўйлик яхшиликка бошлайди, яхшилик эса,жаннатга олиб боради. Бир киши рост сўзлагани учун ростгўй деган мартабага эришади” дедилар.
Савдодаги ростгўйлик барака келтиради. Пайғамбаримиз (с.а.в.):”Савдо қилгувчилар ажралиб кетмасдан аввал ихтиёрлидирлар, агарда савдода иккаласи ҳам рост гапириб, сотиладиган нарсанинг айбларини баён қилсалар, икковининг савдосига барака берилади. Мабодо ёлғон гапириб сотиладиган нарсанинг айбини яширсалар, савдоларининг баракаси кетказилади”, дедилар.
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига ростгўй бўлиш ҳақида:“Билгин, эй ўғлим, дунёда яшаш озгина фурсатдир, унга берилиш алданишдир, унга ошиқ бўлиш ширин хаёлларга тутқун бўлишдир. Шундай экан, саховатли, хушмуомила, тўғри сўз бўл” дейдилар. Ростгўй кишиларга Аллоҳ таолонинг қуйидаги хушхабари бор:
“ Аллоҳ: “ Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун, уларга остидан оқиб турган жаннатлар бор, унда абдий-боқий бўлурлар. Аллоҳ таоло улардан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир”—деди”. ( Моида сураси 119-оят).
Ростгўй кишининг ростгўйлиги учун унга қуйидаги яхшиликлар берилади:
- Ростгўйлик туфайли инсон ҳақ ва халқнинг муҳаббатини топади;
- Ростгўйлик инсоннинг мартабаси юксалади;
- Ростлик туфайли инсон одамлар орасида ишонарли кишига айланади;
- Рост сўзлайдиган кишининг юзи доим ёруғ бўлади;
- Ростлик туфайли инсон ҳар қандай машаққатлардан муваффақиятли ўтади;
- Инсондаги ростгўйлик унинг ақлли-фаросатли эканлигига далолат қилади;
- Ростлик туфайли инсон турли хил нодонликлардан, бало ва офатлардан узоқ бўлади;
- Ростлик доимо инсоннинг дунё ва охиратига фойда келтириб туради;
- Ростгўйлик туфайли инсон азиз ва муҳтарам бўлиб, доимо хору-зорликдан узоқ бўлади.
Рост гапирмаётган инсон ичидан рост гапирмаётганлигини билиб туради. Шу сабабли инсон энг аввало тилига эрк бермаслиги, уни доимо назорат қилиб туриши лозим. Пайғамбаримиз с.а.в. “ Одам фарзанди тонг отдириш билан унинг барча тана аъзолари тилига ёлбориб: “Эй тил, тўғри бўл, рост сўзла, биз сен билан биргамиз, сен тўғри бўлсанг биз ҳам тўғри бўламиз, сен қийшайсанг бизлар хам қийшаямиз деб илтижо қилади” дедилар.
Инсонларнинг энг яхшиларидан бири рост гапирадиган тилга ва ҳасад қилмайдиган юракка эга бўлганидир. Одамлар пайғамбар (с.а.в.)дан: “Инсонларнинг яхшиси ким?” деб сўрашди. Пайғамбар (с.а.в):“Ҳасад қилмайдиган юракка ва рост гапирадиган тилга эга бўлган кишидир” деб жавоб бердилар.
Ростгўйликни акси ёлғончиликдир. Ёлғончилик инсонларни алдашдир.Ҳадисда:
“ Ёлғончиликдан ҳазар қилинглар. Чунки ёлғончилик ёмон ишга бошлайди, ёмон иш эса дўзахга бошлайди. Бир киши ёлғон гапираверса,шу ишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида “ Ёлғончи” деб ёзилади”, дейилади. ( Бухорий ривояти). Алишер Навоий: “Ёлғончи одам-унутувчи; у андиша ва эҳтиётдан четда турувчи. Ҳар кимсанингсўзи чин бўлмаса, ростгўйлар кўнглига у сўз қабул бўлмас.Ёлғончи ўзининг ёлғон сўзига бир-икки марта ишонтиради. Кейин нима қилади?Ёлғончилиги маълум бўлгач, у расво бўлади, унинг сўзига халқ ишончи йўқолади. Кўнгил хазинасининг қулфи-тил; у хазинанинг калити-сўз бил” дейдилар.Ёлғоннинг умри қисқа бўлиб, ростгўйлик бор жойда ҳалоллик, покизалик қарор топади.
Оилаларимизда фарзанд, набираларимизнинг ростгўй бўлиб ўсишларига эътиборимизни қаратишимиз керак. Фарзандларимизни ростгўйликка ўргатамиз деб, уларга ҳар хил буйруқ бериш, уларни уришиш яхши эмас. Фарзандларга ротгўйликда ўзимиз ўрнак бўлишимиз, ҳар доим улар билан ростгўйликнинг фойдалари, ёлғончиликнинг зарари ҳақида суҳбат қилиб туришимиз лозим. Фарзандларимизни ёлғон сўзлашдан тийилиб, рост сўзлашга одатлаништириш бола тарбиясидаги муҳим ишлардандир.
Ростгўйлик юксак инсоний фазилатдир. Бу фазилатга эга бўлган инсонлар ҳамиша халқимизда эъзозланиб келинади. Ростгўйлик жамиятнинг барқарорлиги ва жамият аъзолари ўртасидаги ишончни таъминлашга хизмат қилади.
Р. Акбаров.