Ислом сеҳр-жодуни қоралайди
(Муносабат)
Яккабоғ тумани “Хўжа Илғор” зиёратгоҳидаги қабристонда қўғирчоқ ясаб, унга қулф солиб ташлаб кетилган ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқатилди. Буни ким қилган, нима мақсадда қилганлиги биз билан сизга қоронғу. Аммо бу иш бирор кимса томонидан бирор сеҳр-жоду ёки ирим-сирим учун қилинган бўлса, у нақадар ачинарли ҳол. Сеҳр-жоду, бидъат амалларни қилиш мақсадида қўғирчоқ ясаб, унга қулф уриб, уни қабристонга ташлаб кетган киши нақадар саводсиз, жоҳил, дину-охиратдан хабари йўқ кимса эканлиги аниқ.
Маълумки, Ислом дини одамларни сеҳр-жоду каби гуноҳи кабира ишлар билан шуғулланишдан қайтаради. Сеҳр-жоду динимизда катта гуноҳ ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом еттита ҳалок қилувчи гуноҳни санаб, Аллоҳга ширк келтириш ва ноҳақ одам ўлдириш каби катта гуноҳлар ўртасида сеҳрни зикр қилдилар:“Етти ҳалок этувчидан четланинг”. Одамлар: “Улар нималар? Эй Аллоҳнинг Расули” -дедилар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш ва солиҳа, мўмина, покиза аёлларни зинода айблаш”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, агар сеҳр қилувчи тавба қилмаса, охиратда қаттиқ азобга қолади. Ҳанафий уламоларимиз сеҳргар сеҳр амалини ҳалол санаб, бу иш билан шуғулланса диндан чиқади, дейдилар. Бу эса, Аллоҳ паноҳ берсин, дўзахда абадий қолиш деганидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!”
Ҳанафий, Моликий ва Ҳанбалийлар сеҳрни ўрганиш ҳаром ва катта гуноҳ эканини айтадилар. Бунинг далили қуйидаги ояти карима: “(У икки фаришта): «биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!», – деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар” (Бақара сураси 102-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар хил сеҳр-жоду ва бидъат-хурофот амаллар билан шуғулланишдан қайтариб, икки дунёда саодати бўлган амаллар билан шуғулланишга муваффақ қилсин!
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги