“Фатво” ўзи нима?
9460
10-08-2023, 14:02
629
Ўқиш режими
+
-
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида жавоб беришга нисбатан ишлатилади. Яъни, фатво – турли фиқҳий саволлар бўйича йирик мусулмон ҳуқуқшуносларининг қатъий фикрларини ифодалайди.
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У зотдан кейин саҳобалар, тобеинлар ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланганлар. Бу анъана бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда.
Фатво бериш шариатда фарзи кифоя амал ҳисобланади. У якка тартибда, жамоавий ёки йўналтирилган идоралар томонидан берилади. Ҳозирда у, кўпгина мусулмон мамлакатларда расмий фатво берувчи диний идора, халқаро марказлар ёки кўзга кўринган ва тан олинган уламолар томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Шуни таъкидлаш ўринлики, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Чунончи, Қуръони каримнинг ўзига хос мўъжизакорлиги, ундаги балоғат ва фасоҳатнинг ниҳоят даражада юқорилиги, жумлаларнинг тузилиши ва бошқа жиҳатлари шу вақтгача одамзодни ажаблантириб келган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, фатво мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллаган. Фатво бериш эса, ўта масъулиятли иш бўлиб, муфтий Аллоҳ ва Унинг расули номидан гапиради. Ва ниҳоят, илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашишга олиб боради.
М. Қораев
– Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби