Ислом дини мўъмин-мусулмонлар орасида фитна-фасод уюштиришдан қайтаради. Фитна-фасод бузғунчиликдир. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай дейди:«Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!» - дейилса, улар: «Албатта, биз чин ислоҳчилармиз», - дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара сураси, 11-12-oятлар).
Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да:“Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм қилиш, улар жони ва молига тажаввуз этиш инсониятга қаратилган энг мудҳиш жиноятдир. Террор, бузғунчилик, зулм, урушлар, одамларнинг жабр-ситам кўришлари ва хўрланишларига сабаб бўлувчи бошқа барча тажаввузкорликларни динимиз қоралаган” дейилади.
Аллоҳ таоло барчамизни тинчлик-осойишталик йўлида ўзаро ҳамжиҳат бўлиб, эзгу амалларни қилишга муваффақ қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими