Марҳумлар ҳақига дуо қилса бўладими?
9475
14-08-2023, 09:44
479
Ўқиш режими
+
-
Маълумки, Ислом динида инсон дунёдан ўтгандан сўнг унинг ҳаққига дуо қилса бўлади. Марҳумларимиз ҳаққига мағфират сўраб дуо қилиб туришимиз лозим. Усмон ибн Аффоннинг (р.а.) ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳу васаллам) марҳум дафн этилгандан сўнг унинг тепасида туриб: “Биродарингизга мағфират сўранглар ва унга Аллоҳдан сабот тиланглар, зеро, у ҳозир сўралмоқда”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Марҳумларимиз номидан қиладиган садақаларимизнинг савоби ҳам уларга манфаатли бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Саъд ибн Убода йўқлигида онаси вафот этиб қолди. Шунда Набийнинг олдиларига келиб: “Эй Расулллоҳ. Онам мен йўғимда вафот этди унинг номидан садақа қилсам, савоби етадими?” деб сўрадилар. “Ҳа”, дедилар Набий. “Бўлмаса, сизни гувоҳ қиламанки, менинг ушбу боғим у кишидан садақадир” (Имом Бухорий ривояти)
Мабодо бу дунёдан ўтган кишининг бўйнида тириклардан бирига бериладиган нарсаси қолсаю, тириклар уни кечиб юборса, марҳумга савоби етади. Марҳумларимизнинг қарзини узиш ҳам уларга манфаат етказади, чунки бу ҳолда қарз унинг зиммасидан соқит бўлади.
Хулоса қилиб шуни айтамизки, марҳумларимиз ҳақига қилинадиган дуолар, улар номидан қилинадиган садақалар савоби ўтганларимизга бориб етади. Аллоҳ таоло марҳумларимиз ҳақида қиладиган дуо ва истиғфорларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими