1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фиқҳий мазҳаб мусулмонлар бирлигининг кафолати

14-08-2023, 09:47 233 Ўқиш режими + -
                     Дарҳақиқат, фиқҳий мазҳаблар уммат бирлигининг кафолатидир. Интернет тармоғида айрим кимсалар мусулмонлар бирлигини йўқотиш учун мазҳабсизликни даъват қилмоқдалар.Мазҳабсизликнинг ёйилиши Ислом динига хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Мазҳабсизлар ўзларини бирор бир мазҳабга амал қилмасликларини даьво қиладилару, аслида намоз ва бошқа ибодатларда тўрт мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Негаки, ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўлолмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шарьий далиллардан ҳукмларни чиқариб олишга етарли даражада илмий ва ақлий қувват лозим. Лекин бир икки масалани чуқур ўрганмай туриб, ихтилоф чиқаришга усталар, масалан: «Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз», ёки «Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида йўқ эди, биз мазҳаб эгаларининг эмас, Аллоҳ ва Расулининг айтганига амал қилишимиз керак»- деган даьволарни қиладилар. Бу ўта калтафаҳмлик ва жоҳиллик, ғаразгўйликдан бошқа нарса эмас. 
Аслини олганда, мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломга эргашади, мужтаҳидларга тақлид қилади холос. Уламоларнинг тутган йўллари хақида машҳур муҳаддис Имом Заҳабий: «Биз, тўрт имом (Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий, Аҳмад) икки Суфён (Сўфёни Саврий ва Суфён ибн Уайна), Авзоий, Довуд Зоҳирий, Исҳоқ ибн Роҳувайҳ ва бошқа имомлар ҳақ йўлда бўлганлар, деб ишонишимиз лозим. Улар ўзлари хақда айтилаётган айб (гап)лардан пок бўлиб, уларга эьтибор қаратилмайди. Бошқа мужтаҳид муайян бир мазҳабга эргашиши шарт.. Икки ҳарам имоми (Жувайний) таькидлаганидек, саҳобий ва тобеинларга эргашиб бўлмайди, чунки уларнинг мазҳаби ёзилмаган ва шакллантирилмаган. Қозилик масалалари ва фатво беришда тўрт мазҳабдан бошқасига тақлид қилинмайди» деган. Бошқа бир олим Тожуддин Субкий шундай ёзади: «Ушбу тўрт мазҳаб (ҳанафий, моликий, шофеий, ҳабалий), Аллоҳ раҳмати ила, эьтиқодда бир бўлган. Уларнинг айрим издошлари мўьтазилийлар ва мужассимага қўшилиб кетганларига қарамасдан, мутлақ кўпчилиги хақиқатга риоя қилганлар…». «Аҳли сунна вал-жамоа» олимлари тўрт мазҳабдан бирига тақлид қилиш шарт экани борасида ихтилофга бормаганлар. 
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, исломдаги фиқҳий мазҳаблар мусулмонларнинг бирлигини сақлашга ва халқнинг диний хукмларга риоя этишларидаги қийинчиликлари олдини олишга хизмат қилган. Бироқ мазҳабларни инкор қилиш мусулмонлар қалбига турли шубҳаларни солиш баробарида соф ислом ақидасини бузиб, жамиятда ихтилофли ҳолатларни келтириб чиқаришга қаратилган. 
 
М. Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими