Сафар ойи ҳижрий-қамарий йил ҳисобида 29 кундан иборат бўлиб, у 2023 йилнинг 17 Августидан бошланди. Сафар ойи кирса,айрим кишиларнинг: “Сафар ойида сафарга бориш мумкин эмас ” деган сўзларини эшитиб қоламиз.
Сафар ойининг хусусияти йилнинг бошқа ойлари билан бир хилдир. Бу ойда ҳам бошқа ойлар каби сафар қилиш, турли маросимларни ўтказиш мумкин. Агар “ сафар қилинмайди” дейилишига сафар ойи номининг маъноси асос қилинишидан келиб чиқиб айтиладиган бўлса, сафар ойи номи сафар қилиш маъносини англатмайди. Чунки, сафар қилиш “син” ҳарфи берилади. Бу ҳақда Ўзбек тилининг изоҳли луғати ( Тошкент. 2007 ) китобининг 461 бетида : Сафар I ( а. – саёҳат, сайр; бирор жойга бориш) дейилиши далил бўладиган бўлса, йил ойининг номи бўлган сафар атамаси эса “ сод ” ҳарфи билан бошланади. Ва бу ўринда ойнинг сафар деб аталиши “ сариқ ” ранг маъносида келади. Сафар ойининг аталиш тарихида, сафар ойига ном куз фаслида, ҳаммаёқ сап-сариқ бўлган пайтда тўғри келиб, унга “сариқ”, яъни “сафар” деган ном берилади. Шу сабабли Сафар ойида сафар қилинмайди, дейишлик нотўғри ва у Сафар ойидан шумланишликдир. Бу ҳақда ҳадисда: “ ...Сафар ойидан ирим қилиш, шумланиш йўқ ” дейилади.
Инсонлар орасида энг ёмон одат бу ирим-сиримларга берилиш, бирор нарсадан шумланишликдир. Қадим жоҳилият даврида одамлар иш бошламоқчи бўлсалар, бирор нарсанинг бир бетига “бўлади”, иккинчи бетига “бўлмайди”, деб ёзиб осмонга отишар эди. Агар ўша нарса ерга “бўлади” деган бети тушса, ўша ишни қилишар эди, мабодо “бўлмайди” деган бети билан тушса, ўша ишни бажармас эдилар. Халқ орасида айрим кохин, кўримчилар китоб айлантириб, фол очишар, баъзи ой ва кунлардан шумланишар эди.
Ҳозирги кунда ҳам баъзан бундай бир ирим-сиримлар учраб туради. Масалан, сафар ойида сафар қилинмайди, шанба куни касал кўрилмайди, деган гаплар шулар жумласидандир.
Аслида, ой ҳам, кун ҳам ҳаммаси бир хил кун ва ойлардир. Уларда турли фазилатлар бор, аммо уларнинг ҳеч бирида ёмонлик йўқдир. Шу жумладан Сафар ойи ҳам фазилатли ойлардан бўлиб, унда ёмонлик ҳам ва ундан шумланишлик ҳам йўқ.
Р.Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими