Ҳозирги кунда интернет тармоқларида илмсиз ҳолда фатво берадиган кимсалар кўпайиб кетди. Аслида, жоҳил киши фатво беришга шошилмаслиги керак. Уларга қараб, “Фатвони диний илмни эгаллаган олим кишилар беради, илмсиз кишилар эса фатво беришдан тийилганлари лозим” демоқчимиз.
Бугунги кунда баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги фатволар инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда.
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, фатво мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллаган. Фатво бериш эса, ўта масъулиятли иш бўлиб, муфтий Аллоҳ ва Унинг расули номидан гапиради. Ва ниҳоят, илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашишга олиб боради.
М. Қораев – Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби