1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ШИРКНИНГ ОҚИБАТИ ОҒИРДИР!

26-08-2023, 15:22 712 Ўқиш режими + -
Расулуллоҳ ﷺ: “Кимки ширк келтирмай Аллоҳга рўбарў бўлса, Аллоҳ таоло унга дўзах ўтини ҳаром қилади ва жаннатга киритади” –деганлар. 
Вафот этиб Аллоҳнинг ҳузурига кетаётганингизда ушбу шаҳодат калимасини ўзингиз билан ҳамроҳ бўлиб қолишини қандай таъмин этасиз. Қачонки сиз уни Аллоҳ буюрганидек озуқалантирсангиз ана шунда таъминлай оласиз.
Ширкнинг оқибати нақадар оғирлигини англаб етиш учун ушбу оятларни эслашнинг ўзи кифоя:  
1. “Албатта, Аллоҳ ўзига ширк келтиришни мағфират қилмайди. Ундан бошқани кимни хоҳласа мағфират қилади” (Нисо сураси,  48-оят). 
2. “Албатта, ким Аллоҳга ширк келтирса, батаҳқиқ, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилди. Унинг жойи дўзахдир. Золимларга ёрдам берувчилар йўқдир” (Моида сураси, 72-оят).
3. Аллоҳ солиҳ банда Луқмон тилидан: “Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин. Албатта, ширк катта зулмдир”, деган (Луқмон сураси, 13-оят).
4. “Албатта, мушриклар нажасдирлар. Бас, ушбу йилларидан кейин масжидул ҳаромга яқин келмасинлар” (Тавба сураси, 28-оят).
Шунга биноан мушрик бу дунёдаги энг разил одамдир.
5. “Агар ширк келтирсанг, амалинг ҳабата бўлар (бекор кетар). Ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан” (Зумар сураси, 65-оят).
Шунга биноан, ширк ҳеч кимдан кечирилмас гуноҳдир.
Куфр ва ширк ўртасидаги фарқи:
Биринчидан: Кофирлик диндаги зарурий нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда: Иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани инкор қилиш куфрдир. Мушрик диндаги зарурий нарсалардан бирортасини инкор қилмаслиги мумкин. Лекин шу билан бирга, у Аллоҳ таолога хос сифатлардан бирида, Унинг ҳукмларида, исмларида ёки ишларидан ширк келтириши мумкин.
Иккинчидан: Куфрнинг ҳар қандай тури иймонга зид бўлиб, у билан жам бўла олмайди. Ширк эса гоҳида иймон билан жам бўлиши мумкин. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир ширк ҳам куфр эмас. Бунга кичик ширк ва махфий ширк мисол бўла олади. Имом Аҳмад ўзининг “Муснад” номли китобида   қуйидаги ҳадисни ривоят қилган:
“Расулуллоҳ ﷺ: “Менинг сиз учун энг қўрққан нарсам кичик ширкдир”, дедилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, кичик ширк нима?” дейишди. У зот ﷺ: “У риёдир”, дедилар”. 
Шунингдек, бир одам Расулуллоҳ ﷺга: “Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз», деганида, у зот ﷺ: “Нима, мени Аллоҳга тенг қилдингми?! “Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи хоҳласа”, дегин”, деганлар (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Расулуллоҳ ﷺ: “Ким Аллоҳдан бошқа ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди”, деганлар. (Аҳмад, Термизий ривоят қилганлар).
Расулуллоҳ ﷺ: “Эй одамлар, ушбу ширкдан сақланинглар, чунки у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир”, дедилар. Шунда у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?” дейишди. Шунда у зот ﷺ: “Аллоҳим, биз Сенинг Ўзингдан билган нарсамизни Сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз”, денглар”, деб жавоб бердилар” (Имом Аҳмад ривоят қилган). 
Пайғамбар ﷺ ушбу зикр қилинган нарсаларни қилувчи муртад ёки кофир бўлгани ҳақида ҳукм чиқармадилир. Шунингдек, шаҳодат калимасини қайтариш ёки иймонини янгилаш ҳақида амр ҳам қилмадилар. Шунга ўхшаш, Расулуллоҳ ﷺ Аллоҳдан ўзга билан қасам ичган одамнинг муртад ёки иймондан чиқувчи мушрик бўлгани ҳақида ҳукм чиқармадилар. Ҳаттоки у зот ﷺ ўзларидан Исломнинг арконлари ҳақида сўраган аъробий ҳақида: “Отасига қасамки, агар рост гапирган бўлса, нажот топди”, дедилар (Бухорий ривоят қилган). Яъни, Расулуллоҳ ﷺ ўша аъробийнинг отаси билан қасам ичганлар. Агар бу ҳақиқий ширк бўлса, ҳеч қачон бу тарзда қасам ичмас эдилар. Шунингдек, у зот ﷺ кўпгина саҳобаларнинг исмларини ўзгартирганлар. Лекин ўша исм эгаларининг ширки ёки куфри ҳақида ҳукм чиқармаганлар. Лекин ширк гумони бўлгани учун ўша исмларга ўхшаш исмларни ман қилганлар. Ушбуларнинг барчаси ширкнинг баъзи турлари, катта гуноҳ бўлса ҳам, куфр эмаслигига далилдир. Расулуллоҳ ﷺ бу ишлар ҳақида шиддатли гапларни айтганлари эса, ширк ва жоҳилиятга сабаб бўладиган йўлларни тўсиш, Ислом ва тавҳиднинг таъсирини кўтариш учун бўлган.[1] 
Аллоҳ таолога, эътиқодга, диний таълимотларга тегишли сўз ва гапларни эътиборсизлик ила бузиб гапириш ҳам катта офатдир. Бунда куфр, ширк ва гуноҳ бўладиган гаплар айтилиб қолиши бор. Имом Насоий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинган: “Бир одам келиб, Расулуллоҳ ﷺга баъзи нарсаларни гапира бошлади ва: “Аллоҳ ва сиз истасангизлар”, деди. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: “Сен мени Аллоҳга тенг қиляпсанми?! Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи истаса”, дедилар”. 
Имом Абу Довуд ва Насоийлар Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ ﷺ: “Аллоҳ ва сен истасанг”, демангиз, “Аллоҳ, сўнгра сиз истасингиз”, денглар”, деганлар. Чунки “ва” деганда баробарлик маъноси бўлиб қолади. 
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам Расулуллоҳ ﷺнинг ҳузурларида хутба қилиб: “Ким Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, тўғри йўлни топибди. Ким икковларига осий бўлса, батаҳқиқ, адашибди”, деди. Шунда у зот: “Жим бўл! Қандай ҳам ёмон хатиб экансан!” дедилар. Сўнгра Набий ﷺ: “Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, тўғри йўлни топибди. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, батаҳқиқ, адашибди. “Ким икковларига осий бўлса”, демагин”, дедилар”. (Шофеъий ривоят қилган.) 
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бирингиз ўз ити билан ҳам ширк келтириб қўйиши мумкин. “Агар ўша ит бўлмаса, уйимизни ўғри уриб кетарди”, дейди”.
Ривоят қилишларича бир ибодатли аёл бир жойда хизмат қилар эди. Ўша жойнинг эгаси у аёл кечаси саждада Роббисидан: “Аллоҳим сени менга бўлган муҳаббатинг билан мени эҳтиром қилишингни ва мағфират қилишингни сўрайман”, деб дуо қилаётган овозини эшитиб, уйғониб кетди. У киши аёлнинг бу сўзларини жиддий ҳисоблаб намозини тугатишини кутиб турди. 
Кейин у аёлга: “Эй қизим ундай демагин, “мени сенга бўлган муҳаббатим билан мени эҳтиром қил”, деб айтгин. Сен Унинг яхши кўришини сен қаердан биласан”? - деди. 
Шунда аёл: “Эй Ҳожам агар У мени яхши кўрмаганида бу вақтда мени ибодатга уйғотмас эди. Менга муҳаббати бўлмаганида ўз ҳузурида турғазмас эди. Агар мени севмаганида бу каби муножотни қилдирмас эди”, деди. 
Ҳа биз ҳам айтамиз: “Аллоҳим сени бизга муҳаббатинг бўлмаганида бизни масжидингда жамламас эдинг. Агар бизга муҳаббатинг бўлмаганида бизга иймонни раво кўрмас, у билан қалбларимизни зийнатламас эдинг. Бизлардан куфр ва гуноҳни ёмон кўрмас эдинг”.
Аллоҳга қалбинг ва холис ниятинг билан юзлан. 
Мақсадингни Аллоҳ розилиги ва Уни яхши кўрувчи кишиларни яхши кўришга йўналтир. 
Нафс ва шайтонни тарк эт. 
Чунки бу иккиси сени нурдан зулматларга чиқаришни истайди. Ваҳолангки, Аллоҳ сени зулматлардан нурга чиқаришни хоҳлайди. 
Аллоҳ таоло айтади:
“Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур. Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар”.   Бақара-257.[2]
Аллоҳ таоло мўминларнинг дўсти бўлгани учун уларни жоҳиллик зулматларидан ҳидоят нурларига чиқарди, Қуръони карим ва сўнгги Пайғамбарининг суннати билан шарафлади. Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига амал қилиш билан жоҳил, қабила-қабила бўлиб яшаган кишилар яна Парвардигор шариатини ушлаб, мукаррам инсонларга айланишди. Инсон Аллоҳ юборган нур, яъни Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиб, маънавияти кенг, маданияти юксак бўлди. Руҳан қувватга тўлиб, ўзгаларга бўйсунмайдиган ва ўзгалар бўйсундира олмайдиган музаффар миллатга айланди. Кофирларнинг дўстлари эса тоғут-шайтонлардир. Шу боис улар Аллоҳ нуридан бебаҳра қолиб, моддий жиҳатдан қанчалар ривожланмасин, маънавий жиҳатдан қашшоқлигича қолишаверади. Ўзларининг идроксизликлари, имонсизликлари туфайли мукаррамликни қўлдан бой беришади, хорликка юз тутишади. Алал-оқибат дўзахга маҳкум бўлиб, азоб жойида абадий қолиб кетишади.[3]
  
 
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
[1] Жазоирий, «Ақийдатул Мўмин» 105-106-с.
[2] Мулло Умар Рамазон Бутийнинг ўғлига ёзиб қолдирган насиҳатларидан
[3] Тафсири Ирфон