Аллоҳнинг зикри билан тили нам бўлган банда, дили банд бўлган банда зинҳор ва зинҳор ёмонликка қўл урмайди! Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:
“Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!” (28-оят).
Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканини яхши биладилар. Аллоҳдан ўзганинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳам яхши биладилар. Бу дунё-ю у дунёнинг саодати Аллоҳнинг ихтиёрида эканини яхши биладилар. Шундай бўлганидан кейин нега Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасин?!
“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!”
Бу оромнинг нелигини уни тотиб кўрганларгина биладилар. Иймонсизлар қалб ороми нима эканидан бутунлай бехабардирлар. Улар ер юзидаги энг бадбахт одамлардир. Дунёдаги энг бахтли одамлар эса Аллоҳ томон йўналганлар, ҳидоят топганлар, иймон келтирганлар ва қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топганлардир.[1]
Иброҳим ибн Адҳамга: “Нима учун одамларга аралашиб, улар билан ҳамсуҳбат бўлмайсиз?” дейишди.
У зот шундай дедилар: “Ўзимдан паст мавқедаги одам билан гаплашсам, жоҳиллиги билан менга озор беради. Ўзимдан юқори мавқедаги одам билан гаплашсам, менга такаббурлик қилади. Ўзим билан тенг мавқедаги одам билан гаплашсам, менга ҳасад ва ичқоралик қилади.
Шунинг учун суҳбатида малоллик бўлмаган, боғланишда узилиш бўлмаган Зот – Аллоҳ билан машғул бўламан, У Зотни зикр қилиб юраман” деган экан.
Рамазон Бутийнинг оталари зикр айтиб туриб, тиллари зикр айтишга ярагани учун шукр айтар эканлар, “Тилим зикр айтиш учун ҳам бўйсунмай қолганда нима қилар эдим?” дeр эканлар.
Ривоят қилинишича, ҳазрат Сулаймон пайғамбар (а.с.) денгиз қирғоғида ўтирган эди. Дон кўтариб денгиз томон кетаётган чумолига кўзи тушди. Уни кузата бошлади. Чумоли денгизга етиб борди. Шунда сув ичидан бир қурбақа бошини чиқарди ва оғзини очди. Дон кўтарган чумоли унинг оғзига кириб олди. Қурбақа шу бўйи бир соатча йўқ бўлиб кетди. Сулаймон (а.с.) бу ҳолдан таажжубланиб фикр юритиб ўтирарди. Бир пайт қурбақа сувдан чиқди. Оғзини очган эди бояги чумоли чиқиб келди. Бироқ дон йўқ эди.
Шунда ҳазрат Сулаймон (а.с.) чумолини чақирди ва ундан донни нима қилгани, қаерда бўлганини сўради.
“Эй Аллоҳнинг пайғамбари! – тилга кирди чумоли. – Мана шу денгиз тагида катта тош бор, унинг ичида кўр қурт яшайди. Ризқ талабида ташқарига чиқолмайди. Аллоҳ таоло унга озуқа етказишни менга, сув тубига шўнғиб, мени манзилга элтишни қурбақага вазифа қилган. Қурбақа оғзини ўша тош тешигига қўяди. Мен тешикдан ичкарига кираман. Қуртга донни бергач, яна қурбақанинг оғзига ўтиб оламан. У эса мени денгиздан ташқарига олиб чиқади”.
Ҳазрат Сулаймон (а.с.):
- “Ўша қуртнинг бирор тасбеҳ айтганини эшитганмисан?” деб сўради. Чумоли жавоб берди: “У мана бу дуони айтар эди: “Эй раҳмати ила мени тўлқинлар остида ётган мана бу катта тош ичида ҳам унутмайдиган Зот! Ўз раҳматинг ила мўмин бандаларингни ҳам унутмагин”.
Ана шундай нeъматларига муваффақ бўлганимизда Аллоҳнинг фазли билан бўлганидан хурсанд бўлувчилардан қилсин! Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
"Тафсири Ҳилол" китобидан