Ислом дини бутун дунёга раҳмат бўлиб келган диндир.
“Қуръон карим”да:“(Эй Муҳаммад),Сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”(Анбиё сураси, 107-оят).
Ушбу оят ҳақида “Тафсири ирфон”да:“Аллоҳ таоло Муҳаммад (с.а.в.)ни инсоният ўсиб-улғайиб, камолга етган пайтида мукаммал баркамол Ислом дини билан юборди. Аллоҳ таоло Муҳаммад (с.а.в.) барча оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот (с.а.в.)келтиргн дин, Қуръон, таълимотлар барча оламларга раҳмат-шафқатдир. Жамодот ва наботот оламига ҳам, ҳайвонот ва инсонлар оламига ҳам, яна бундан бошқа оламларга ҳам раҳматдир”.
Муҳаммад (с.а.в.) ўз атрофларидаги саҳобаларга ҳам, бошқа дин вакилларига бағрикенглик билан,адолат билан муомила қилар эдилар. У зотнинг муносабатларида бағрикенглик илоҳий дин кўрсатмалари орқали мужассам эди. Бу ҳақда ҳам “Қуръони Карим”да шундай дейилади:“Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз.Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар”, (Оли Имрон сураси,159-оят).
Бу оятнинг тафсирида:“Дарҳақиқат, инсон учун чиройли хулқдан кўра зарурроқ, муҳимроқ бирор фазилат йўқ. Динимизда чиройли хулқ эгаси бўлишга чақирилган. Одамлар билан хушмуомилада бўлиш яхшиликка тенглаштирилган”.
Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) нинг ўғли Абдуллоҳнинг бир яҳудий қўшниси бор эди. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) бир куни туя сўйдилар. У киши хизматкорларига «Қўшнимизни унутма деди ва бир оз вақт ўтиб яна, «Яҳудий қўшнимизни утутмадингми?» деб сўрадилар. Хизматкор, тақсир ҳозир айтиб эдингиз. Қўшнига гўшт ажратиб қўйдик, ҳозир олиб чиқиб берамиз, деди. Уч-тўрт дақиқа ўтиб Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) хизматкорни чақириб, яна сўради. Шунда хизматкор: «Узр сўрайман, шу пайтгача сизга итоатсизлик қилган эмасман, биласиз. Кейин ҳам қилмайман. Нега қўшни ҳақида бунча қайғурасиз?» деб сўради. Шунда Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг: «Жаброил (алайҳис салом) менга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилар эдики, мен яқинда қўшнига ҳам мерос берилса керак, деб ўйлардим» деганларини эшитганман дедилар.
Афсуски, ҳозирги пайтда Ислом динини тўғри тушунмасдан, уни нотўғри талқин қилиш натижасида турли хил келишмовчиликлар, муаммолар келиб чиқмоқда. Айрим кишилар Исломнинг тртувлик дини эканлигини унутиб, бошқа дин вакилларигагина эмас, ўз атрофдаги кишиларга ҳам нотўғри муносабатда бўлмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси илмсизлик, жоҳилликдан бўлак нарса эмас.
Бизнинг юртимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат, элат вакиллари яшашади. Халқимиз миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тамойилларига амал қилиб яшаб келмоқда. Зеро, бағрикенглик, бирдамлик тараққиёт гаровидир.
Аллоҳ таоло бағрикенглик, бирдамлик, тинч-тотув ҳаёт кечиришда Ўзи мададкор бўлиб, барчамизни турли хил иллатлардан, ёмонликлардан асрасин!
Н, Маннанов, Қарши туман “Қуйи Бешкент” масжиди имом хатиби