Фитна ва унинг салбий оқибатлари
9563
29-08-2023, 16:08
555
Ўқиш режими
+
-
“Фитна” сўзи аслида арабча сўз бўлиб, ўзбек тилига таржима қилганда “синаш”, “оловда тоблаш” ва “имтиҳон қилиш” маъноларини билдиради. Ушбу фитна сўзи Қурьони каримда ҳам бир неча ўринларда турли хилдаги маъноларда келтирилган. Жумладан, Бақара сурасининг бир ўрнида, яъни қуйидаги: “Икковлари ҳатто: “Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин”, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар”[1] деган оятида синов маъносида келган бўлса, ушбу суранинг яна бошқа икки ўрнида келган: “Фитна қатл этишдан ҳам ёмонроқдир”[2] ва “Фитна ўлдиришдан каттароқдир”[3] оятларидаги “фитна” сўзини муфассирлар “ширк” ва “куфр” маъносида келганлигини ўз тафсирларида баён қилишган.
Демак, “фитна” – аввало Аллоҳнинг бандалари учун бир синови бўлса, иккинчидан у – мусулмонларни Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан чалғитадиган, уларни васвасага солиб, тўғри йўлдан оздириб, ҳатто ширк ва куфр ишларни қилиб, иймонларидан ажраб қолишларигача олиб борадиган улкан ва хатарли иллатдир.
Фитнанинг қандай юзага келиши ва унинг оқибати нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида янада аниқроқ тасаввурга эга бўлиш учун ислом тарихидаги энг катта фитналардан бирини эсга олиш кифоя қилса керак деб ўйлаймиз.
Ислом тарихида биринчи энг катта фитна Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврига тўғри келади. Бундан олдин яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан кейин ҳам турли фитналар чиққан бўлсада, лекин бу даражада оммавий тус олмаган эди. Ушбу фитна эса шундай даражага бориб етди-ки, ҳатто Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қатл этилди, уйлари ва ундаги нарсаларга қўшилиб байтулмолгача талон-тарож этилди. Фитначилар эса шу даражага бориб етдилар-ки, улар ўзларининг бу қабиҳ жиноятларини ҳатто кофир ва мушрик ҳам бировга озор беришни ўзига эп кўрмайдиган бир вақтда, Аллоҳ одам ўлдиришни ҳаром қилган бир ой, яъни муборак ҳаж ойи саналадиган зулҳижжа ойида, жума кунида амалга оширдилар. Бунинг устига улар бу қабиҳ жиноятларини шариат ҳукмига кўра ҳатто одам у ёқда турсин бир ҳашаротни ҳам ўлдириш мумкин бўлмаган бир жой яъни икки ҳарами шарифнинг бири Мадинаи Мунавварадаги ҳарам ҳудудида амалга оширдилар...
Бу фитнанинг келиб чиқишининг асосий сабаблари эса фитначиларнинг динда ғулувга кетиб, ҳадларидан ошишлари, ўзларидан афзал бўлган зотларга айниқса Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга нисбатан қалбларидаги ҳиқду-ҳасад, мусулмонларга нисбатан душманчилик, ўзлари муносиб бўлмаган мансабларга ўзларини ҳақли деб билиш каби ҳолатлар эди.
Фитначилар ўзларини ноҳақ эканликларини билсаларда ниятларини халққа ошкора қилсалар, уларнинг нафратига қолишларини ҳам яшхи тушунар эдилар. Шу сабабли улар асл мақсадларини ҳатто ўзларига кўр-кўрона эргашганлардан ҳам яшириб, фақат савобли ишларни ниқоб қилиб кўрсатар эдилар.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунимизда ҳам шу каби дин номидан гапириб, ўз ватанларида исломга эмин-эркин амал қилган ҳолда тинч-осойишта яшаб келаётган мўмин-мусулмонлар орасида ҳижрат ва жиҳод каби диний муқаддасотларни ўз мақсадлари йўлида нотўғри талқин қилаётган, фақат ўзларини ва ўзларига эргашганларни ҳақ йўлда деб, эргашмаганларни эса куфрда айблаётган айрим шахслар ва оқимларнинг ҳам асл ҳолати юқорида зикр этилган тарихий воқеликдаги фитначиларнинг ҳолатидан сира фарқ қилмайди. Улар ўзларини дин хизматчилари ва мусулмонларнинг жонкуярлари қилиб кўрсатаётган бўлсаларда аслида ҳокимият илинжидаги мансаб ва дунёпараст кимсалардир. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз айниқса мана шундай фитналар авж олган бир замонда яшаётган мўмин-мусулмонлар сифатида огоҳ ва ҳушёр бўлиб, дин номидан гапираётган ҳар қандай кимсага кўр-кўрона эргашмасдан, теран ва соғлом фикрлаган ҳолда ҳақ билан ботилни, тўғри билан нотўғрини, яхши ва ёмонни фарқига боришимиз керак. Бу борада эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бизга эслатма бўлиб, хизмат қилади. Аҳмаддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Келажакда фитналар бўлур. Унда ўтирган тик тургандан яхшидур. Унда тик турган юргандан яхшидур. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидур. Ким унга қизиқса ўзига тортади. Ким ундан паноҳгоҳ ёки қўрғон топса, у ила ўзини асрасин”, дедилар. Тўртовлари ривоят қилишган. У.Рашидов,
“Ҳазрати Мирижанда” жоме масжиди имом ноиби
[1] Бақара сураси, 102-оят
[2] Бақара сураси, 191 -оят
[3] Бақара сураси, 217-оят