Ислом дининг бешта устунидан бири намоздир. Уни вақтида адо қилмоқ ҳар бир мўмин-мусулмонга фарздир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا
"Албатта, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир" (Нисо сураси, 103-оят).
Қиёмат куни амаллар ичида энг аввал сўраладигани бу намоздир. Пайғамбаримиз (с.а.в)дан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилинадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиѐмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз ноумид бўлибди, ютқазибди. Агар фарз намозларидан бирон камкўсти бўлса, Парвардигор азза ва жалла: “Қаранглар, бандамнинг нафллари борми?” дейди. Шунда фарз намозларига етишмагани улар билан тўлдирилади. Кейин қолган амаллари шунга қараб бўлади”, деганларини эшитганман” (Имом Аҳмад ва Доримий ривояти). Шу сабабли фарз амал бўлган намозга жуда эътиборли бўлайлик! Уни Аллоҳ таолонинг розилиги ва У зотнинг даргоҳида мақбул бўладиган даражада адо этайлик!
Аллоҳ таоло барчамизнинг намозларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин!
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими