1445 йил 12 Зулқаъда | 2024 йил 19 май, Якшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:47
Sunrise
05:21
Dhuhr
12:33
Asr
17:37
Maghrib
19:46
Isha
21:21


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Миссионерлар ҳийласидан огоҳ бўлинг

31-08-2023, 16:36 145 Ўқиш режими + -
Албатта, миссионерларнинг ҳийласидан огоҳ бўлишимиз лозим. 
Миссионерлар ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришадиган бўлсалар, улар фаолият олиб бораётган мамлакатда халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзул келиб чиқиши мумкин. Яъни, халқ оммаси ўртасида бирдамлик йўқолади.
Ислом дини кенг тарқалган мамлакатлардаги миссионерларнинг асосий мақсади шуки, христианликни тарғиб қилиш йўли билан жамиятда хайрихоҳ бўлган гуруҳларни шакллантириш ва тарафдорлар сонини кўпайтириш орқали муайян мамлакат, ҳудуд устидан назорат ўрнатиш ва бойликларига эга бўлишдир.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.
Кишининг виждонини ўғирлашга қаратилган бундай ҳаракатлар келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, айрим давлатларда миссионерлар қутқусига алданиб христиан динини қабул қилган “мусулмон”лар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муоммолар келиб чиқмоқда. Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаганлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда. Шунингдек, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, унинг отаси эса ўз набирасини мусулмон урф-одатларига кўра хатна қилдиришни истагани туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум.         
 Шунингдек, ўз динидан воз кечиб бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммо. Оилада қизнинг ота-онаси мусулмон кишига турмушга чиқишини истайдилар. Аммо ўзга динни қабул қилган (мусулмон бўлмаган) қизга мусулмон кишининг уйланиши амри маҳол. Юқоридаги каби мисолларни яна анча давом эттириш мумкин. Аммо шуларнинг ўзи ҳам миссионерлик ҳаракатлари бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларида низолар ва жанжалларнинг авж олишига ҳамда христианликнинг айрим йўналишлари вакилларига нисбатан душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратиши мумкинлигини яққол тасаввур қилиш имконини беради. 
Қаерда бефарқлик, лоқайдлик авж олса, бузғунчиларнинг бозори чаққон бўлади. Бугун баъзи мамлакатлар мисолида буни кўриб турибмиз. Миссионерлар ҳам ана шундай бузғунчилар жумласидандир. Миссионерликнинг асл мақсадини ҳамма ҳам дарҳол илғаб олавермайди. Унинг хавф-хатари ҳам шунда. Уларнинг муддаоси маҳаллий миллат вакили ҳисобига сафларини кенгайтириш, кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлигини бузиш, миллатлараро бағрикенглик, диний тотувликка раҳна солиш. Айримлар, миссионер одамларни насронийликка чақиради, деб хато ўйлайди. Аслида бу гуруҳ одамни фақат диндан, имондан, алал-оқибат, одамгарчиликдан ҳам чиқаради, манқуртлик ғоясига хизмат қилишга ундайди. 
Насронийларнинг ўзлари ҳам эътироф этмайдиган шубҳали секталар, оқимлар мустақиллик йўлини тутган мамлакатларга сездирмай кириб олиб, ўзларининг ғаразли ниятларини рўёбга чиқара бошлашади. Улар зимдан фаолият олиб боради, макр-ҳийлалардан усталик билан фойдаланади. Таъсирчан ваъзларида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлардан, алломаларнинг сўзларидан иқтибос келтиради. Шу йўл билан тингловчиларни ўз таъсирига олади.
Шу ўринда масаланинг яна бир нозик томонига эътиборни қаратмоқчиман. Миссионерлар нега айнан бева-бечора, етим-есир ва ночор оилаларни нишонга олади. Сабаби, давлатимиз, жамоат ташкилотлари, масжидларимиз хайр-саховат ишларини яхши йўлга қўйганига қарамай, баъзан назаримиздан четда қолаётган кишилар ҳам учраб туради. Миссионерлар ана ўшалардан унумли фойдаланади. Гўёки муҳтожларнинг дардига малҳам бўлади-да, ўз ғояларини онгларига сингдиради. Натижада бир мусулмон имондан айрилади.
Буни қарангки, миссионерларга қўшилиб қолган одамнинг ўлиги ҳам одамлар орасини бузишга, фитналар чиқаришга хизмат қиларкан. Чунки ҳар доим мусибатли хонадонга ёрдамга шошадиган халқимиз диндан қайтган одамга буни раво кўрмаётир. Миссионерлар ана шундай вазиятларни келтириб чиқариб, тотувлигимизга раҳна солмоқда. ...Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди (Бақара сураси, 205 оят).
Турли ноқонуний секталар ва уларни тарғиб қилаётган “миссионер”ларнинг яна қандай зарари бор, деган савол туғилиши мумкин. Биринчидан, миссионерлик натижасида маълум бир динга эътиқод қилувчилар орасига анъанавий диндан ташқари ўзга дин кириб келади. Унинг ортидан ўзгача дунёқараш, урф-одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса ўз навбатида одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама-қаршиликни вужудга келтиради. Иккинчидан, “ташвиқот” натижасида бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз “диндошлари”га бошқача муносабату “ғайрилар”га ўзгача муносабат шаклланади ва бу муносабат оила, қавм-қариндошчилик, қўни-қўшничиликка ҳамда жамият бирдамлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Учинчидан, бундай бўлиниш одамларнинг хусуматлашиши, жамиятдаги муаммоларни якдил ҳал қилмаслиги, охир-оқибат иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда ҳам муаммолар бўлишига олиб келади. Тўртинчидан, ўзга таъсир доирасига тушганларнинг миссионерлар тобеъларига айланиб қолишлари, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида разил ишларга ҳам қўл урилади. Умуман олганда, бу услуб давлат ва жамиятни парчалаш, уни таназзулга юз туттириш, маънан қашшоқлаштириш, ўз муаммолари билан машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа муҳим вазифаларидан чалғитишнинг энг яхши воситаларидан ҳисобланади.
Миссионер инсонни жалб қилиш мақсадида одамга ширин ва мулойим сўзларни айтиши, керак бўлса, унинг ташқи жиҳатлари ёқимли экани, кийими ўзига жуда ярашгани, юзи нуронийлиги ва шу каби мақтов сўзларини айтишдан тап тортмайди. Агар унга телефон рақамингизни ёки уй манзилингизни берсангиз борми, минг узрлар билан сизни безовта қилишни бошлайди.
 Даъватчилар фан ва техника ривожлангани сари тарғиб қилишнинг китоб ва варақалар таркатиш услубларидан интернет, радио, телевидение, журнал ва газета каби замонавий ютуқлардан тобора кенг фойдаланишга ўтишяпти.
Африка халқлари ўртасида машҳур бир гап юради: “Миссионерлар бизнинг ёнимизга келганида уларнинг қўлида Инжил, бизнинг қўлимизда ер, мол-мулк бор эди. Бироз вақтдан сўнг бизнинг қўлимизга Инжил, уларнинг қўлига ер, мол-мулк ўтди”.
Инсониятни гўдаклик босқичидан етуклик даврига етгунича Аллоҳ таоло уларга босқичма-босқич оддийликдан мукаммалликка қараб турли илоҳий дастурлар жўнатиб турди. 
Аллоҳ таоло инсониятга пайғамбар юбориб шаръий ҳукмларни етказиб турар экан, инсоният хилқати, ақли ва маданияти мукаммаллашиб борар, Аллоҳ таоло эса уларнинг ақли ва маданиятига муносиб бўлган янги ҳукмларни нозил қилар ва янги пайғамбар юборар эди. Охирги пайғамбарга нозил қилган шариат      (Қуръони карим)ни эса, то қиёматгача ўзгартирмасдан сақлашлигини эълон қилди. Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай дейди:” Албатта, бу зикрни(яъни Қуръонни) биз ўзимиз нозил қилдик ва уни ўзимиз асрагувчидирмиз”.
Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақдир. 14 аср ўтган бўлсада, Қуръони каримнинг бирор ҳарфи ўзгармасдан бизгача ёдлаш усулида етиб келди. Дунёдаги минг-минглаб Қуръон нусхалари бир-бирига ҳарф-ҳарфигача, нуқта нуқтасигача тўғри келади.
Пайғамбарлар силсиласини ниҳоясига етказиб, элчиликка охирги пайғамбар Муҳаммад с.а.в ни танлади. Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Жобир р. а. дан ривоят қилган ҳадисда  айтилишича Расулуллоҳ (с.а.в) шундай дедилар: “Менинг ва бошқа пайғамбарларнинг сифати шундайки, бир киши бир ҳовли (қаср) қуради. Уни жуда чиройли ва мустаҳлам қилиб охирига етказади. Фақатгина бир ғишт ўрни қолади, халос. Шунда бу ҳовли (қаср)га кирган кишилар қараб: “Бу ҳовли қандай чиройли барпо қилинибди-я! Фақат бир ғиштгина қўйилмай қолибди”,- дейдилар. Бас, мен ўша охирги ғиштман. Мен билан пайғамбарлик биноси мукаммал бўлиб битди”.
Албатта, Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбарга ўзининг сўнгги илоҳий китоби Қуръони каримни нозил қилди ва шу китобда энди, то қиёматгача пайғамбар ҳам, илоҳий китоб ҳам келмаслигини хабар берди.
Аччиқ бўлсада шуниси ҳақиқатки, Ислом динини қўйиб, насроний бўлиб кетаётганларни динимизда муртад (диндан қайтган) дейилади. (Аллоҳ ўз паноҳида асрасин) ва улар тўғрисида бир қанча ҳукмлар жорий бўлади:
  1. Ундай кишиларнинг мусулмон қариндошларидан мерос олишга ҳаққи бўлмайди;
  2. Улар мусулмон аёлларга уйлана олмайди;
  3. Агар мусулмон хотини бўлса, ўрталарига талоқ тушади;
  4. Вафот этса, жаноза  ўқилмайди ва мусулмонларнинг қабристонига дафн этилмайди.
  5. Сўйган ҳайвонининг гўшти ҳаром бўлади.
Умуман олганимизда, инсон оила, маҳалла, жамиятдан айри яшай олмайди. Шу сабабли, ўзимизга жиддий эътибор каратмоғимиз, эътиқод ва иродамизни бўшаштирмаслигимиз ва қолаверса, ён-атрофимиздаги кишиларга нисбатан масъулиятимизни ҳис этишимиз даркор. Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтиб, тўғри йўлни топишига сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсалардан аъло экани тўғрисидаги ҳадисни эсдан чиқармайлик.
 
 
 
 
 
 
 
 
М. Қораев – Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби