1445 йил 11 Зулқаъда | 2024 йил 18 май, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:48
Sunrise
05:22
Dhuhr
12:33
Asr
17:36
Maghrib
19:45
Isha
21:19


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фатво бериш-фарзи кифоя

31-08-2023, 16:38 135 Ўқиш режими + -
Фатво бериш шариатда  фарзи кифоя амал ҳисобланади. У  якка тартибда, жамоавий ёки йўналтирилган идоралар томонидан берилади. Ҳозирда у, кўпгина мусулмон мамлакатларда расмий фатво берувчи диний идора, халқаро марказлар ёки кўзга кўринган ва тан олинган уламолар томонидан ишлаб чиқилмоқда.
        Шуни таъкидлаш ўринлики, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Чунончи, Қуръони каримнинг ўзига хос мўъжизакорлиги, ундаги балоғат ва фасоҳатнинг ниҳоят даражада юқорилиги, жумлаларнинг тузилиши ва бошқа жиҳатлари шу вақтгача одамзодни ажаблантириб келган. 
         Имом Доримий Убайдуллоҳ ибн Жаъфардан мурсал ҳолда ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир”, деб айтганлар.
         Баъзи саҳобалар бирон-бир масала ҳақида савол сўралса жавоб беришга шошилишмас, балки уни бошқа одамдан сўрашни илтимос қилар экан. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен қачонки, Аллоҳнинг китобидан бирон - бир ҳарфи ҳақида Аллоҳ ирода қилмаган нарсани айтсам қайси осмон менга соя бўлади, қайси ер кўтариб туради ва қаерга бораман ва нима қиламан?” – деб айтганлар.
Шундай экан, исломнинг ҳар икки манбаси (яъни, Қуръон ва Сунна)га асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга.
         Уламоларимиз  бирор - бир масала юзасидан ҳукм чиқаришда,  аввало, мазҳаблар таълимотига таянишади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи - назаридан  фатволар чиқаришади. 
Шубҳасиз, исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки, фатводан Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол - ҳаром, савоб - гуноҳ  каби  меъёрлар кўрсатиб берилади. 
Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у – Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”. 
Ибн Абдул Барр “Жомиъул-илм” китобида Уқба ибн Муслимдан ривоят қилади:  “Ибн Умарга ўттиз тўрт ой ҳамсуҳбат бўлдим. Савол сўралганда кўпинча: “Билмайман”, – дер эди. 
Абу Алий аз­Зарир айтади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Бугунги кунда баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги фатволар инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига  ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда. 
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзларини  ҳам, ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб,  уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?! 
       Хулоса қилиб айтиш мумкинки,  фатво мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллаган. Фатво бериш эса, ўта масъулиятли иш бўлиб, муфтий Аллоҳ ва Унинг расули номидан гапиради.  Ва ниҳоят,  илм  ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашишга олиб боради.   
 
 
 
 
М. Қораев – Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби