Муқаддас ислом дини инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровонлик билан ўтишини таъминлаш, Ер юзида тинчликни сақлаш, аҳолини бунёдкорлик ишларига сафарбар этиш, ер юзини обод қилиш, Аллоҳ таолонинг ердаги барча мавжудотларига нисбатан меҳр ва шафқатли бўлишни инсоннинг асл вазифаларидан деб белгилаган.
Аммо минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда Аллоҳ инсонга ашаддий душман деб эълон қилган шайтон найрангларига алданиб, яратилган барча неъматлардан фойдалана туриб, ношукрлик қиладиган, ғанимларимиз ноғорасига ўйнайдиган, ўз юртига қарата тош отадиган нобакор шахслар ҳам йўқ эмас. Айниқса, дунёнинг турли давлатларида бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам экстремистик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолат ботқоғига ботиб қолган кимсаларнинг борлиги ҳар бир онгли инсонни ўйланишга мажбур қилади.
Ақидапарастлик ва терроризм халқ руҳиятини ичдан емириб, уни фалокатга бошлайди, халқнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини бузади. Ақидапарастлик ислом таълимотларидан ўз ғаразли мақсадларида устомонлик билан фойдаланиб, улар моҳиятини бузиб кўрсатади, ёшларни ўзининг қуролига айлантириб, улар тақдирини пуч ғоялар курашида қурбон қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзлари ҳаётлик вақтларида мавжуд бўлмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида огоҳ этиб, шундай деган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонининг фарқига бормаса, мўъминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.
Бугун инсоният ғоявий курашлар, маънавий зиддиятлар авж олган бир вазиятда яшаяпти. Мусулмонлар бундай шароитларда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.
Экстремистик ва ақидапараст оқимлар соф ислом таълимотини, Қуръон ва ҳадисларда келган истилоҳий атамаларни ўзларининг ғаразли мақсадларига мослаб бузиб талқин қилмоқдалар. Исломий атамаларнинг экстремистик оқимлар томонидан бузиб талқин этилиши жуда кўп жиноятларнинг амалга оширилишига сабаб бўлади. Ислом дини манбаларида бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш, ғайридинларга озор бериш қатъиян ман этилган.
Ислом оламида таниқли бўлган олим Юсуф Қарзовий шундай дейди: Ислом бегуноҳ кишиларнинг жони, мулки ва номусига нисбатан зулм ишлатишни ман этади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) видошлашув ҳажида қилган ваъзларида одамларнинг жони, мулки ва номуси қиёматгача дахлсиз, деб эълон қилганлар. Бу нафақат мусулмонларга, балки бошқа инсонларга ҳам тегишлидир. Исломда “мақсад воситани оқлайди” деган тамойил йўқ.
Динда ғулувга кетишнинг ислом дини таълимотига зид экани ҳадислар, уламоларнинг асарлари ва фатволарида муфассал баён қилинган. муқаддас динимиз мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. Зеро, Аллоҳ Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди” (Бақара сураси, 185-оят). Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади (адаштиради)”.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, барчамизга Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларига шукр қилган ҳолда бир-биримизга меҳр-шафқат, меҳрибонлик ва мурувватпарварлик руҳида яшамоғимиз керак бўлади. Дунё ва диндаги фитна, алдов, ёлғон, туҳмат, ҳасад каби иллат ва гуноҳлардан сақланишимиз зарурдир.
Зеро, Пайғамбаримиз с.а.в. инсониятни огоҳлантириб, уларни иттифоқ бўлишга чақирадилар ва ихтилофга бормасликка буюриб шундай деганлар: “Сизлар бир кемага миниб, йўлга чиққан йўловчиларга ўхшайсизлар – ичларингиздан бир онгсиз, безори одам қўлига болтани олиб, кемани теша бошласа, сизлар лоқайдлик қилиб, уни бу ишдан қайтармасангиз, ҳаммангиз ғарқ бўлурсиз. Қайтарсангиз ҳаммангиз омон қолурсиз”. Ушбу ҳадис моҳиятидан келиб чиқсак, жамиятнинг ҳар бир аъзоси бир-бирининг тинчлиги ва осойишталиги учун масъул ва жавобгар экани равшан бўлади.
Инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади.
Нормурод Шойимов тайёрлади.
Китоб тумани "Севаз" жоме масжиди имом-хатиби