Маълумки инсоннинг ҳаёти бир хил кечмайди. Баъзан тўкин-сочин кунлар бўлади, баъзан эса етишмовчилик бўлган кунлар ҳам бўлади. Шундай кунларда инсон бошқа кишидан қарз олади. Вақти-соати етганда қарзни эгасига қайтариб бериш лозим. Аммо имконияти бўлиб туриб, қарз олиб уни бермай юриш зулмдир. Бу ҳақда ҳадисда: “ Имконияти бўла туриб қарзини узишни кечиктириш зулмдир”, дейилади.
Қарздан қутилишнинг битта йўли бор, у ҳам бўлса қарзни ўз эгасига қайтаришдир. Агар қарз берилмай қолар экан у қарз бу дунё, у дунё кишининг бўйнида қолади. Шу сабабли ҳадисда қарзини бермай вафот этган киши ҳақида шундай дейилади:
“ Қарздор киши қабрида кишанланган ҳолда бўлади. Қарзини адо этилишгина уни кишандан озод қилади”.
Қарздор одамнинг қўли қачон қарз берган одам қарзидан ўтиши билан ечилади. Қарз берган киши рози бўлмаса, унинг гуноҳини кечирилмайди. Шу туфайли айрим қарзи бор кишилар: “ Эй бор худо, тез кунларда қарзимни тўлаб, ундан қутилишга муваффақ қил”, деб дуо қилишиб, қарзни узишга ғайрат қилишади. Чунки қарз олиш одамнинг бўйнида турадиган юкдир. Ҳадисда: “ Қарз Оллоҳ таолонинг ердаги байроғидир. Қачонки, бир бандани хор қилишни хоҳласа, уни ( қарз байроғини) ўша кишининг бўйнига ( илиб) қўяди”, дейилади. Қарз олиш оғир юк эканлиги ҳақида ўз даврида Луқмони Ҳаким ҳам: “ Тошни кўтариб кўрдим, темирни кўтариб кўрдим, аммо қарздек оғир юкни кўрмадим”, деб таъриф берганлар. Инсон қарз олаётганда тўғри келса узаман, тўғри келмаса, қарз турар, деб эмас, балки албатта, қарзни узаман, деб ният қилади. Чунки ҳамма иш ниятга яраша бўлади. Ниятини тўғри қилиб, ҳаракатини қилса қарздан халос бўлади. Бир киши қарз узиш учун ҳаракат қилиб қийналса, буни билиб турган қарз берган киши унга яна қўшимча имконият берса, ёки қарздан кечса, у қарз берган кишига охиратда яхшилик ваъда қилинган. Ҳадисда шундай марҳамат қилинади:
“Кимки қарзини узишга қийналган одамга муҳлат берса ёки бутунлай кечиб юборса, охиратда арш соясидан жой берилади”.
Аллоҳ таоло барчамизни қарзларимизни ўз вақтида адо қилишга муваффақият қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими