Шу кунларда бир жума мавъизасининг мавзуси бўлган «динда ғулуга кетмаслик» масаласида айтилган баъзи гапларга эътироз, тушунмовчилик ва хато талқин қилишлар, айниқса, ижтимоий тармоқларда кўзга ташланмоқда. Шунинг учун бизнинг Ҳанафий мазҳабида бу мавзудаги далилларни яна бир бор эслатиш ўринлидай…
Аёлларнинг эркаклар қараши мумкин бўлмаган ўринлари ҳақида мазҳабларда турлича ҳукмлар келган. Имом Шофиъий ва Имом Ҳанбалий мазҳаби аёлнинг барча аъзоларини аврат ҳисоблашади.
Имом Молик ва Абу Ҳанифа мазҳабида эса аёлнинг юз ва кафтларидан бошқа ўринлари аврат ҳисобланади. Уларнинг бу тарздаги ижтиходларига эса мана бу далиллар келтирилган.
«(Аёллар) зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлганларинигина (кўрсатиш мумкин)» (Нур сураси, 30-оят). Оятдаги «...магар зоҳир бўлганларнигина...» дейилиши қўққисдан очиладиган зийнатлар, деган маънода. Бу эса юз билан кафтдир, деб таъвил қилинган. Оятнинг бу маънода тафсир этилиши Саъид ибн Жубайр розияллоҳу алайҳ, Ато ва Заҳҳок раҳматуллоҳи алайҳумо каби буюк саҳобий ва тобеинлардан нақл қилинади. Шунингдек, Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳдан ушбу оят ҳақида сўралганида “сурма ва узук”, деб жавоб берган.
Ойша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади:
«Дарҳақиқат, Асмо бинти Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кирдилар. Унинг эгнида юпқагина нафис либоси бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Асмо бинти Абу Бакрдан юз ўгирдилар ва дедилар: «Эй Асмо, агар хотин киши балоғатга етса, ундан мана шу-шу аъзоларидан бошқасининг кўриниши дуруст эмас, дея юзлари билан кафтларига ишора қилдилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Юз ва кафтлар аврат эмаслигига яна бир далил намоз ва эҳромда юз ва кафтлар очиқ туриши ҳамдир. Агар улар аврат ҳисобланганида, албатта, ибодатда ёпишга буюрилган бўларди.
Тафсир китоблари асосида Чим жоме-масжиди имом-хатиби Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.