Халқимиз орасидагидаги баьзи кишилар ружу қўйган эьтиқодга зид бўлган амал фолбинлик билан шуғулланишдир.
Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратар экан, барча маҳлуқоту мавжудотларининг ҳолатини, келажагини, тақдирини Ўзининг буюк илми ила тақдирга битик қилди.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ узилиб тушса ҳам билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом, 59 оят).
Фолбинларга ва фол кўрувчиларга шаръий китобларимизда “коҳин” ва “арроф” деб ном берилган. Коҳин баъзи яширин, сирли нарсаларни, тўғрироғи, ғайбни билишни даъво қилади. Халқимиз орасида “фолбин” ва “башоратчи” каби сўзлар билан ҳам танилишган.
Кейинги вақтларда келажакдан башорат берувчилар, инсонни тақдири ҳақида хабар қилувчилар сони кўпайиб бормоқда. Инсон билиб-билмай гуноҳга қўл уради. Агар ақли етса, иймони бўлса, Аллоҳдан қўрқса гуноҳи учун тавба қилади ва қайтиб бу гуноҳга қўл урмайди. Аммо тескариси бўлса Аллоҳнинг ғазабига учрайди, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам. Аммо шундай гуноҳи кабиралар бор-ки, у ширкка олиб бориши ва кишининг икки дунёсини куйдириб юбориши мумкин.
Бу мавзу ҳақдаги муборак ҳадиси шарифларда шундай дейилади.
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (с.а.в). дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапига ишонса Муҳаммад с.а.в.га нозил бўлган нарсага кофир бўлибди” (Имом Термизий ривояти).
Мусулмон киши фолбинларнинг гапига ишониши, уни тасдиқлаши соф ислом ақидасига зид эканлигини билиб олмоғи лозим. Зеро, аҳли сунна вал жамоа ақидасини ёритиш борасида машҳур бўлган Имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовийнинг “Ақидатут Таҳовия” китобида шундай жумлалар бор:
“Фолбин ва топқирларнинг шунингдек, Қуръон, суннат ва ижмои умматга хилоф нарсани даъво қилгувчиларнинг гапини тасдиқламаймиз” дейилган.
Коҳинлар ўзларининг жинлар билан алоқаси борлигини ва уларга келган хабарларни жинлар айтишини даъво қилишади.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: “Фаришталар ер юзида содир бўладиган нарсалар ҳақида булутлар орасида гаплашганларида, жинлар уларнинг битта сўзларини эшитадилар ва уни фолбинларнинг қулоқларига келиб (идишга сув қуйгандек) қуйиб кетадилар ва у сўзга жинлар юзта ёлғонни қўшадилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Боқа бир ривоятда: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб айтадилар: Пайғамбаримиз (с.а.в)дан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, дедилар. Ё Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради” , деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).
Бундан кўриниб турибдики, фолбинлар, жин ва шайтонлар билан алоқа қилишади. Уларнинг ёлғон-яшиқ гапларини кўпиртириб, устига минг ёлғонни қўшиб одамларга етказишади. Бу ишларнинг турган-битгани гуноҳи азимдир.
Яна бир ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (с.а.в): “Кимда-ким фолбинга борса ва фолбиннинг айтган гапларига ишонса, демак у Муҳаммадга келган нарсага ишонмапти”, дедилар.
Фолбин ва шунга ўхшашларнинг хузурига боришлик нафақат гуноҳ балки қиладиган яхшилик ва ибодатларимиз қабул булмай қолишига олиб келиши мумкин. Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапини тасдиқласа қирқ кунлик намози қабул бўлмайди” (Имом Муслим ривояти).
Фолбинларнинг ёлғон маълумотларига ишониш натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетаяпти, ака-ука, қуда-андалар ўртасига совуқлик тушаяпти. Жамиятдаги кишиларнинг бир-бирларидан бадгумон бўлиши каби
нохуш ҳолатлар ҳам ана шу фолбинларнинг шум хабарлари натижасида вужудга келаяпти.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи инсофу тавфиқ бериб, бундай шариатимиз ман этган ишлардан йироқ бўлмоғимизга муяссар айласин.
М. Ғуломов Қамаши тумани “Санчиқул” жоме масжиди имом - хатиби