Маълумки, ҳозирги кунда айрим шахслар баъзи диний тушунчаларни ўзларини ғаразли мақсадлари йўлига буриб, нотўғри талқин этиш орқали етарли диний илмга эга бўлмаган ёшларимизни йўлдан урмоқдалар. Бунинг натижасида эса уларнинг ёлғон даъволарига ишонган ёшларимиз уруш бўлаётган мамлакатларга ҳижрат ва жиҳод деб чиқиб кетмоқдалар...
Ана шундай нотўғри талқин этилаётган даъволардан бири ҳижрат ва жиҳод қилиш учун ота-онанинг розилиги шарт эмас деган даъво. Бу масаланинг асл ҳақиқати Пайғамбармиз алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси шарифларида ўз аксини топган:
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот: «Ота-онанг тирикми?» - Муҳаммаднинг айтишича: «Ота-онанг борми?» - дедилар. «Ҳа», деди у. «Икковлари учун жидду жаҳд қил!» дедилар».
Яъни ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом жиҳодга чиққанингдан кўра ўз ота-онангни розилигини олишинг, уларнинг розилигини олиш учун қиладиган ҳаракатинг сенинг жиҳодинг бўлади демоқчилар. Бундан ташқари ушбу ҳадисдан ота-онанинг розилигини топиш учун фарзандни қиладиган хизмати ҳатто жиҳоддан ҳам улуғроқ амал эканлиги маълум бўлади.
Зухрийдан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот: «Сенинг ота-онанг борми?» дедилар. – Ёки: «Сени оқ қилиши мумкин бўлганлар борми?» дедилар. – «Ҳа», деди. «Бор! Икковларига яхшилик қил!» дедилар».
Сўнг у (одамларнинг) елкаларини оралаб тезлаб кетди».
Ушбу ҳадисдаги маъно ҳам айнан юқоридаги ҳадисдаги маънони таъкидлайди.
Яна бошқа бир ҳадисда қуйидаги ривоят зикр қилинади:
Мужоҳиддан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ёки у зот билан бирга жангга чиқди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Отанг сенга рухсат берганми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Бўлмаса орқангга қайт», дедилар».
Бу ривоятда ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом отасини рухсатисиз жиҳодга чиқиб келган фарзандни орқасига қайтариб юбормоқдалар.
Мужоҳиддан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ҳижрат қилиб келди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сенга отанг рухсат бердими?» дедилар. «Йўқ», деди. «Орқангга қайт! Орқангга қайт!» дедилар».
Бу ривоятда ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом отасининг рухсатисиз ҳижрат қилиб келган фарзандни икки бор такрор таъкидлаб, ортига қайтишга буюрмоқдалар.
Ушбу ривоятлардан келиб чиқадиган хулоса шуки, демак ота-онанинг розилигини топиш учун фарзандни қиладиган хизмати ҳатто жиҳод ва ҳижратдан ҳам улуғроқ амал эканлиги, шунингдек фарзанд ҳар бир аҳамиятли ишни албатта ота-онасининг рухсати ва розилиги билан қилиши шариатимиз талаби эканлиги маълум бўлади.
У.Рашидов«Ҳазрати Мирижанда»жоме масжиди имом ноиби