Дунёда одамзодга берилган энг буюк неъматлардан бири унинг киндик қони тўкилган, илк қадамини қўйган, унинг тилидан биринчи чиққан сўзни эшитган, болалигининг энг ширин дамлари ўтган, ёшлиги-ю кексалик хотиралари муҳрланган, қадим аждодлари юрти ўлароқ улардан мерос бўлиб келаётган ва ўзи сингари келажак авлодлари туғилиб, улғаядиган заминдир! Унинг номи тилимизда «Она Ватан» дея эътироф этилади.
Ҳеч бир инсон ўзи туғилган ватанини ўзига ўзи ватан қилиб танламаган, балки унга қаерда туғилиши, қайси жой ватан бўлишини Аллоҳ таъоло ихтиёр этган ва шу билан бирга ватанга бўлган севги, унинг муҳаббатини инсон қалбига Аллоҳ таъоло жойлаб қўйган. Шу сабабли бўлса керак, киши ўз юртидан узоқлашганда, уни соғинади, қалби у томон талпинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам жонажон ватанлари Маккаи Мукаррамада 53 ёшларигача яшадилар. Бу давр ичида эса Макка мушриклари томонидан жуда кўплаб ҳақорат, камситиш, зулм, душманчиликларни кўрган бўлсалар-да, ватанларини тарк этмаган эдилар. Аммо, Макка мушрикларининг зулми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жонларига қасд қилишгача бориб етганда, Аллоҳнинг амрига биноан ўз ватанлари Маккани ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган эдилар. Чиқиш вақти келганида кўзларига ёш олдилар ва кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дея марҳамат қилган эдилар:
«(Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмас эдим». (Имом Термизий ривояти)
Демак биз мўмин-мусулмонларга ватанни севиш Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган мерос экан, ҳар биримиз ана шу зотнинг уммати ўлароқ у зот алайҳиссалом ўз ватанлари Маккани севганларидек ўз ватанимизни севишимиз, ўзимизни ватанимиз олдида бурчдор деб билиб, аввало ватанни ҳаққига доимо дуода бўлишимиз, ватанимизнинг обод ва фаровонлиги йўлида қўлимиздан келганича хизмат қилишимиз керак. Мабодо бундай ишларни қилиш қўлимиздан келамаса, ватанимизда фисқу-фасод ва бузғунчилик қилмаслигимиз, унинг шаънига доғ туширадиган турли ножўя хатти-ҳаракатлардан ўзимизни тийишимиз лозим.
Абу Амр ибн Ато раҳматуллоҳ алайҳи: «Кишининг вафодарлиги унинг ўз ватани учун қайғуриши, яқинларини соғиниши ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкинишидан билинади», - деган эдилар.
Аллоҳ таъоло барчаларимизни ўз ватанига содиқ умматлардан қилсин, ватанимизни эса ҳар жиҳатдан гуллаб, яшнашини насиб айласин!
У.Рашидов «Ҳазрати Мирижанда» жомеимом ноиби