Аҳли сунна ва жамоа таълимотига эргашувчи тўрт мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабининг ҳар бирининг асосини Қуръони карим ва ҳадиси шариф ташкил қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ҳар бир мазҳаб фиқҳида асосий манбалардан бири ҳисобланади. Ислом динининг дунё бўйлаб кўп тарқалган илк даври Имом Абу Ҳанифа ва у зот асос солган ҳанафий мазҳаби ана шундай гуруҳларнинг мутаассибона фикрларга қарши чуқур илмий асосда босиқлик, бағрикенглик билан ҳар бир диний ва дунѐвий жиҳатдан мувофиқ ҳолларда раддия беришликка тарғиб қилади. Муқаддас ислом динида тил ва диндаги нарсани амал билан исботлаш яхши, масаланинг иккинчи томонини ҳам назардан қолдирмаслик керак. Ислом дини турли халқлар, тоифа ва гуруҳлар орасида тарқалиши айрим бадғаразли кимсалар имон ва амал бир нарса экани ҳақида бўлмағур ғояни ўзларининг қуроллларига айлантириб келмоқдалар. Бунинг оқибатида бирор арконни бажармаган кишини кофирга чиқариш ва унга қарши “ғазот”, “жиҳод” эълон қилишига ҳам етиб борилмоқда. Ана шундай исломий ишоралар, диний ғоялар баъзи гуруҳлар учун тажовуз воситасига айланган, шунинг учун ҳам Абу Ҳанифа имон ва амалнинг алоҳида-алоҳида нарса экани ҳақидаги таълимотни илгари сурдилар. Олимларимиз бу ишни муваффақият билан қўллаб-қувватладилар, шу йўл билан мутаассиб гуруҳларнинг даъволарига зарба бердилар. Тўртта мазҳабнинг ҳеч бир таъсисчиси ҳадиси шарифдан ташқари чиқмаган, ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаганлар. Бунга ёрқин далил сифатида мазҳабларнинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан далилларни баён қилган кўплаб китобларини ҳам келтириш мумкин. Бундай китоблар хар бир асрда ўзгача услублар билан ёзилган. Бу борада ҳанафий мазҳабида ҳам кўпгина китоблар битилган. Уларнинг ҳар бири бир-биридан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Имом Абу Ҳанифанинг нақлий, ақлий билимлар билан бир қаторда ҳаётий тажрибадан келиб чиқиб ҳам фатво берганлари айтилади. Абу Ҳанифа, ислом ақидасига кўра, барча пайғамбарлар ягона эътиқодда бўлганлар фақат шариатларигина бир-бириникидан фарқланган. Бундан маълум бўладики, ибодатлар, яъни амаллар ҳар хил бўлган, имоннинг асл ўрни қалбдадур деган олимлар. Мазҳаб имомлари ҳамда уларга эргашган издошларидан ҳеч бири ҳадиси шарифдан ташқарига чиқмаган. Ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бу ҳанафий мазҳабида яққол ўз ифодасини топган, десак хато бўлмайди. Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқиблари тўғрисида ёзилган “Ал-Хайрот ал-ҳисон” рисолаларида бундай деганлар: “Билгинки, уламоларнинг Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларини “асҳоби рай” дейишларидан мақсад, уларни камситиш, уларни ўз райларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ва у зотнинг саҳобаларининг гапларидан устун қўяди, деб нисбатлаш эмаслигини тушунмоғинг лозим! Чунки, улар бундан холидирлар!” Ҳақиқат шуки, бизнинг ҳанафий мазҳабида бошқа мазҳабларга нисбатан ҳадисга эргашиш ортиқроқдир, ҳаммадан кўра бу мазҳаб соҳиблари ҳадислар маъносини чуқурроқ ва мукаммалроқ тушуниб етадилар. Ҳанафийликнинг асосий манбаси Қуръони каримдир. Ундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари энг асосий манба ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафий мазҳабида заиф ҳадис сохталик эҳтимоли бўлган қуруқ қиёсдан устун қўйилган. Ҳанафийликда бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаган тақдирда, заиф ҳадисга амал қилинади, раъй-фикрга суяниб қиёс қилинмайди. Хуллас, ҳанафийликда заиф ҳадис барча турлари билан мужтаҳиднинг ёки бирор бир фақиҳнинг гапидан устун ҳисобланади. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳдан ва унинг Расулидан келган нарсаларни бош-у кўз устига қабул қиламиз! Саҳобадан келган нарсаларнинг эса энг яхшисини танлаб эргашамиз! Уларнинг гапларидан ташқари чиқмаймиз!” деган сўзларини барча маноқиб китобларда кўришимиз мумкин.
Шуҳрат Муродов,
Миришкор туман бош имом хатиби