1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИЛМ ЎРГАТИШ - ШАРАФЛИ ВАЗИФА

13-09-2023, 10:39 234 Ўқиш режими + -
Маълумки, Ҳазрати Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло барча фаришталарни таъзим қилишга буюришининг асосий сабаби, у зотнинг илмлари шарофатидир. Дарҳақиқат, илм ва илм аҳлларининг даражаси ҳар қайси жамиятда ҳам юқори қўйилган. Ўз-ўзидан маълумки, илму ҳунарни устозсиз эгаллаб бўлмайди. Илм ва ҳунарнинг барчаси ҳам Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган ҳикмат бўлиб, бу ҳақда Қурони каримда шундай марҳамат қилинган: яъни: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (фойдали илм) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар” (Бақара сураси, 269-оят).
Ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи устозларнинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, самовот ва ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва денгиздаги балиққача инсонларга яхшиликни ўргатувчи кишига салавот айтиб турадилар” (Имом Термизий ривояти).
Барча пайғамбарлар ҳам инсонлар учун муршид, муаллим  ва устоз бўлганлар. Бу ҳақда Қурони каримда шундай баён қилинган: яъни: “Ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, Аллоҳ мўминларга меҳрибонлик қилди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят).
Ушбу оятдан маълум бўладики, инсонларга яхшиликни ўргатувчи, ёмонликдан қайтарувчи, илм-ҳикматдан таълим берувчи устоз мураббийларнинг борлиги Аллоҳ таолонинг улуғ неъматидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисларида: яъни: “Сизларнинг энг яхшингиз Қуронни ўрганиб, бошқаларга ўргатувчи кишидир” (Имом Бухорий ривояти).
Халқимизда “устоз отангдек улуғ”, деган яхши гап бор . Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз унга ҳаётда яшашни таълим беради. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар намозларининг сўнгида Пайғамбарга салавот айтганларидан кейин, ота-оналари қаторида устозларининг ҳақларига  ҳам Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қиладилар. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозларни алоҳида эсга олиш, уларни иззат-икромларини ўрнига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Ҳукуматимиз ҳам уларнинг хизматларини қадрлаб, ҳар йили 1 октярь кунини устозлар куни деб, алоҳида  байрам қилишга қарор қабул қилган. Зеро, келажак авлоднинг салоҳияти уларнинг қўлида экан, Аллоҳ таоло уларни бурча вазифаларини сидқидилдан адо этишларига муяссар қилсин.
 
 Х.Хонимов
Деҳқонобод тумани бош имом хатиби                    
Muslim.uz материаллари асосида