Динда ҳаддан ошиш ҳалокатдир!
9646
13-09-2023, 10:48
567
Ўқиш режими
+
-
Албатта, ҳар бир ишда ҳад, чегара бор. Ҳар биримиз ўз ҳаддимизни, чегарамизни билишимиз лозим. Ўз ҳаддимизни, чегарамизни билмасдан ҳаракатлансак, яхшиликка олиб келмайди.
Албатта, ислом дини бағрикенглик ва енгиллик динидир. Одамлардан машаққатларни кўтариш учун келган бу дин Аллоҳ таоло тарафидан мукаммал қилиб юборилган.
Шунинг учун ҳам унинг буюк принсиплари орасида динда ҳаддан ошишни инкор қилиш ҳамда ундан огоҳлантиришлар ҳам бор. Нега? Чунки, бу ишнинг хатари оғир, оқибати ёмон.
Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетишлик тушунилади. Бу чиқиб кетиш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
“Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир”.
Ва яна:
“Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки, У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир”.
Динда ҳаддан ошиш ҳам туғёнга кетиш ва Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилишга киради.
– шунингдек, динда ҳаддан ошиш ва унда ўзига оғир қилиб олишдан ҳам қайтарган:
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
“Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг”.
Пайғамбар (с.а.в) эса: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир”, деганлар.
Яна: “Албатта, бу дин енгилдир. Ким бу динда қаттиқлик кўрсатса, дин уни мағлуб қилади”
Ибн Ҳажар ўзининг “Фатҳ ал-Борий” асарида юқоридаги ҳадисни шарҳлай туриб, шундай деган: “Киши диний амаллар борасида ҳаддан ошиб, енгилликни тарк қилар экан, ожизлик қилиб, амал қилишдан тўхтаб қолади учун ҳам дин ундан ғолиб келади”.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а): “Албатта, бу дин мустаҳкамдир. Шундай экан унинг ичига енгиллик билан кириб боринг. Ўзингизни Аллоҳнинг ибодатидан нафратлантириб қўйманг” деган.
Интернет тармоқларида айрим кимсаларнинг динда ҳаддан ошаётганликларини гувоҳи бўлаяпмиз. Аслида диндан илм олган, савияси бор одам динда ҳаддидан ошмайди. Диндан илми йўқ, етарли маълумотга эга бўлмаган кишилар динда ҳаддан ошадилар. Чунки Ислом динидан етарли илми бор киши биладики, Ислом дини данда ҳаддан ошишни қоралайди. Буҳақда Пайғамбар (с.а.в.) шундай дейдилар: “Эй, одамлар! Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки сиздан аввалгиларни динда ҳаддан ошиш ҳалок қилган” (Ибни Можа ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни динда ҳаддан ошишдан сақлаб, Ўзининг тўғри йўлида бардавом қилсин!
Бобоқулов Дилмурод
Қарши туман "Фозил ота" жоме масжиди имом-хатиби