Комил инсон бўлайлик
Инсоннинг комилликка эришиши масаласи барча замонларда ҳам жамиятнинг диққат марказида бўлиб келган. Бугунги кунга келиб ҳам комил инсон ғояси кун тартибида турган долзарб масалалардан бир сифатида талқин қилинмоқда.
Ўтмиш тарихга назар ташласак, буюк алломалар ҳоҳ Шарқда бўлсин, ҳоҳ Ғарбда бўлсин комил инсон ғоясини замондошлар онгига сингдиришга ҳаракат қилганлар. Чунки, комиллик башариятнинг азалий орзуси бўлиб келганлигини кўрамиз.
Бу ҳақда буюк аллома ватандошимиз Азизиддин Насафий ўзларини “Зубдат ул- ҳақойиқ” китобларида “Билгилки, комил инсон шундай инсондурким, унда ушбу тўрт нарса камолга етган бўлсин: яхши сўз, хуш феъллик, гўзал ахлоқ, ва етук маориф” - деб таъкидлаганлар.
Инсон ўзининг кундалик фаолиятида бошқаларга қанча фойда келтирса, ёмонларни тўғри йўлга бошласа, Ҳақ йўлида фидойилик қилса, шунчалик юксакликка – комилликка кўтарилади. Бошқача айтганда, комил инсон ўзининг камтарлиги билан бошқалардан ажралиб туради.
Субҳиддин Райҳонов
Қарши тумани “Ҳилол” жомеъ масжиди имом хатиби