Баъзи бир кишилар бўлар-бўлмасга мусулмонлар орасида ихтилоф чиқаришга ҳаракат қиладилар. Мусулмонларнинг кийган кийимларидан, ташқи кўринишларидан айб қидира бошлайдилар. Аслида, мусулмон мусулмоннинг биродари. У бошқа мусулмондан камчилик ахтармайди, бўлар-бўлмасга ихтилоф чиқармайди.
Баъзи кишилар дин деганда ташқи кўринишни биринчи ўринга қўядилар.
Имом Муҳаммад Ғаззолий бу ҳақда шундай ёзган эканлар: “Айрим кишилар суннат ё салафлар ҳақида ўйлашса, биринчи бўлиб мияларига келадиган нарса кийиниш бўлади. Расулуллоҳ ё саҳобалар дўппи кийишганми, ё салла ўрашганми, шу ва шунга ўхшаш ишлар ҳақида ўйлашади. Дин калта иштон, узун соқол ё маҳдуд фикрдан иборат эмас. Балки у гўзал сийрат ва эгасини ўз принципига кўра ҳаёт кечиришга ундайдиган журъатдан иборатдир. Агар динлар сурат, либос ва кўринишларга айланса, руҳини, қудратини ва бошланғич нуқтасини йўқотади”.
Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳга ва Унинг расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” ( Анфол сураси, 46-оят).
Мўмин-мусулмонни ўзаро ихтилофга чорлаш уларни ҳалокат сари етаклаш билан баробардир. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.) бизни огоҳлантириб шундай деганлар: “Ихтилоф қилманглар, чунки сизлардан аввалгилар ихтилоф қилишди ва ҳалок бўлишди”.
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни ўзаро ихтилофлардан асраб, Ўзи рози бўладиган амалларга йўлласин!
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими