«Ҳикматлар – саодатга етаклар»
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
ТАҚДИМ
Ўз ҳикмати илоҳийси ила инсонни ҳикматга қобилиятли ва мойил қилиб яратиб, бу билан уни бошқа махлуқотлардан имтиёзли қилган, унга Ўз ҳузуридан ҳикматлар илҳом этган, энг олий ҳикматларни ваҳий қилиб юборган, ҳар бир иши ҳикматли бўлган Ҳаким Зот – Роббимиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таололога Ўзининг ҳикмталари кўламича ҳамду санолар бўлсин! Ҳаким Зотнинг энг ҳаким бандаси, инсониятга ҳикматни – суннатни таълим берган, ўлмас ҳикматлар қолдирган, бутун ҳаёти тўлалигича ҳикмат бўлган, башарият ҳакими севикли Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган ҳикмталари ададича салоту саломлар бўлсин! Ҳикматга ошиқ бўлган, қалблари ҳикмат нурига тўлган, бутун ҳаётини ҳикмат асосида қуришга интилган ҳикматли бандаларга Аллоҳнинг ризоси ва раҳмати бўлсин! Аллоҳ таоло инсонни бошқа мавжудотларни яратганидек, «Бўл!» деган амр билан эмас, балки Ўз қўли билан яратиб, унга Ўз ҳузуридан руҳ пуфлагани учун у бошқа бирор жонзотда топилмайдиган хусусиятларга эга бўлди. Инсонни бошқа махлуқотлардан фарқлаб турадиган ана шундай хусусиятларидан бири – унинг ҳикматга ошинолигидир. Инсоннинг ҳикматга бўлган интилиши ундаги ақл жавҳарига бевосита боғлиқдир. Аммо ҳикмат инсоннинг фақатгина ақлий қобилиятининг маҳсули эмас. Балки у кўпроқ руҳнинг маркази бўлган қалбга боғлиқдир. Бошқача қилиб айтганда, унинг булоғи ҳам қалб, сингадиган ўрни ҳам қалбдир. Инсоннинг қалби қанчалик мусаффо бўлса, ҳикматга шунча кўпроқ мойил бўлади, уни ўзига яхшироқ сингдиради ва астасекин ҳикмат булоғига айланиб боради. Ана шундай қалб эгасини ҳаким дейилади. Хўш, ҳикмат ўзи нима? Унинг мазмун-моҳияти нимадан иборат? «Ҳ икмат» арабча сўз бўлиб, «мустаҳкамлик», «ман қилиш», «донишмандлик», «оқилоналик», «ҳукм» маъноларини билдиради. Уламолар ҳикматга турлича таъриф берганлар. Ибн Мурдавайҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан нақл қилади: «Ҳикмат – ақл, фаҳм ва топқирликдир». Роғиб айтади: «Ҳикмат – илм ва амалда ҳақиқатни топишдир». Абу Ҳайён айтади: «Ҳикмат – одамлар ваъз оладиган, ўзларига танбеҳ оладиган ва бирбирларига айтиб юрадиган мантиқдир». «Ал-Муъжамул-васит» китобида шундай дейилади: «Ҳикмат – энг афзал илмлар асосида ишларнинг энг афзалини билиш, тушуниб етишдир». Ҳакимларнинг кўплари ҳикматга қуйидагича таъриф беришади: «Ҳикмат – нарсаларнинг ҳақиқатини инсоннинг имконияти етадиган даражада асл ҳолида билишдир». Ҳикмат бизда ҳам юқоридагига яқин маъноларда ишлатилади. Донишмандликка, оқилона гап-сўзларга, иш-ҳолатларнинг сир-асрорларига нисбатан ҳам айнан ҳикмат сўзи қўлланилади. Инсоният тарихида ўзининг ҳикматли гаплари билан ном чиқарган биринчи шахс Довуд алайҳиссалом дейилади. Ҳикмат билан танилган, ҳакимларнинг устози деб тан олинган буюк шахс – Луқмон Ҳаким ҳам Довуд алайҳиссаломнинг шогирди ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Луқмон Ҳаким ҳақида шундай дейди: «Батаҳқиқ, Биз Луқмонга Аллоҳга шукр қилгин дея ҳикматни бердик. Ким шукр келтирса, фақат ўзи учун шукр келтиради. Ким куфр келтирса, албатта, Аллоҳ Ғаний ва мақтовга сазовор Зотдир» (Луқмон сураси, 12-оят). Аллоҳ талолонинг Луқмонга ҳикмат неъматини берганини алоҳида таъкидлаши, унинг ҳакимлигини мақташи, айрим ҳикматли сўзларини сиз билан бизларга насиҳат ўлароқ келтириши, Қуръони Каримдаги бир сурани унинг номи билан аташи – барча-барчаси Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳикматнинг нақадар юксак эътибори борлигини кўрсатади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда пайғамбарлик вазифаларидан бири – кишиларга ҳикматни ўргатиш эканини очиқ айтиб қўйган: 3 «Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Расул юбордик» (Бақара сураси, 151-оят). Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик ҳаётидаги асосий вазифаларидан бири инсонларга ҳикматни ўргатиш бўлган. У зотнинг суннатлари тўла ҳикматдир. Сўзлаган сўзлари ҳам, қилган ишлари ҳам, ҳатто сукутлари ҳам ҳикматдан иборат эди. Шу боис, муфассир уламоларимиз оятдаги «ҳикмат»ни «суннат» деб тафсир қилганлар. Дарҳақиқат, ҳикматнинг энг олий намуналари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида акс этгандир. Ҳикмат деганда биринчи бўлиб инсоннинг ўз яратувчисини таниши тушунилиши керак. Имом Ғаззолий айтади: «Киши ҳамма нарсани билса-ю, Аллоҳни танимаса, уни ҳаким деб бўлмайди, чунки у энг улуғ ва энг афзал маърифатдан маҳрумдир». Ҳикмат инсон ҳаётини тартибга солишга, сокин, сермазмун, ва сермаҳсул этишга, хатокамчиликлардан, тойилишлардан холи этишига хизмат қиладиган юксак билимдир. Ҳикмат инсонинг ақлини чархлайди, заковатини оширади. Ҳикмат билан иш тутуш инсоннинг оиладаги, жамиятдаги, ҳатто ўз наздидаги мартабасини кўтаради. Ҳикмат кишига ҳаёт тажрибасининг тайёр хулосасини тақдим қилади. Бир ҳакимдан: «Инсон бир неча юз йил умр кўриши мумкинми?» деб сўрашибди. У: «Ҳа», деб жавоб берибди. «Қандай қилиб?» дейишибди. Шунда ҳаким: «Китоб ўқиб. Чунки китоб бир инсоннинг бир неча йил, балки бир умрлик тажриба ва билимларининг хулосаси ўлароқ дунёга келади. Уни ўқиган киши ўшанча умр кўрган ҳисобланади», деб айтган экан. Инсонга ана шундай асрларга татигулик умр бахш этадиган китоблар ичида энг қимматлиси, шубҳасиз, ваъзу-ҳикматга доир асарлардир. Бинобарин, ҳикматларни ўзига сингдира билган одам минг йиллаб умр кўргандек тажрибага эга бўлади. Чунки айрим ҳикматлар бутун бир инсон умрининг хулосаси ўлароқ дунёга келган. Ана шундай ҳикматларни ўрганган киши ўша ҳикматларни айтган инсонларнинг умрича ҳаёт кечиргандек бўлади. Ислом уммати ҳикматни ўрганишга, уни ҳаётда акс эттиришга, ҳар бир иш ортидаги ҳикматларни очиб беришга қадимдан инитилиб келган. Жумладан, бизнинг улуғ аждодларимиз ҳам ҳақиқий ҳикматпарвар, ҳикматга шайдо инсонлар бўлишган. Шунинг учун ҳам улуғ бобокалонларимизнинг илмий меросларида дунёдаги энг гўзал ҳикматлар акс этган. Бунинг натижаси ўлароқ, халқимизда ҳикматли сўзларга бўлган қизиқиш бошқа халқларга солиштирилганда, анча юқори даражада туради. Ушбу ҳақиқатни яхши англаган устоз Анвар Аҳмад жаноблари араб адабиётларидан юзлаб ҳикматларни тўплаб, уларни ўзбек тилига таржима қилиб, www.arabic.uz сайтининг тасвирдаги ҳикматлар бўлимида мунтазам бериб боришни йўлга қўйдилар. Бундан кўпчилик ўқувчилар мамнун бўлишди, кўплаб яхши фойдалар олишди. Бу олқишлардан илҳомланган муҳтарам таржимонимиз интернет оламига сайр қилиш имкони бўлмаган ўқувчиларга ҳам ушбу гавҳарлардан улашишни ният қилдилар ва таржима қилинган ҳикматларни рисола шаклида чоп этишга қарор қилдилар. Қўлингиздаги китобча ушбу урунишнинг биринчи қалдирғочидир. Бугунги кунда маълумот ўқиш учун турли замонавий воситалар беҳад кўпайиб, оммалашиб, қулайлашиб, ўқувчиларни ўзига ром этган бўлса-да, китоб ўзининг қийматини йўқотгани йўқ. Китоблар барибир илм-маърифат манбаси ўлароқ китоб расталарини тўлдириб турибди. Ҳақиқатан ҳам китобнинг ўрни бошқа. Ундан фойдаланиш учун ток бўлиши, жиҳозни созлаш ва шунга ўхшаш омилларни ҳозирлаш шарт эмас. У қачон қўл чўзсангиз, «Лаббай!» деб келадиган, то сиз зериккунингизча сиздан аримайдиган энг вафодор дўстдир, суҳбатдошдир. Ана шу эътибордан, таржима қилинган ҳикматларни китоб шаклида тақдим этилишини қўллабқувватлаш лозим. Ушбу рисоладаги ҳикматлар маълум бир соҳага чекланмаган, эркин мавзуда. Унда инсоннинг ўз яратувчиси Аллоҳ таоло билан бўладиган муносабатлари, бошқа инсонлар билан бўладиган алоқалари ҳамда ички оламини назорат қилиш, кишининг ўз-ўзини тарбиялашига доир хилма-хил ҳикматлар мавжуд. Уларда саҳобаи киромлардан тортиб, бугунги кундаги донишманд инсонларнинг кўплаб қимматли фикр-мулоҳазалари ўз ифодасини топган. Ҳар бир ҳикматга 4 махсус расм ишланган. Китобчадан кўзланган мақсадлардан бири – араб тилини янги ўрганган кишиларда таржима малакасини ошириш бўлгани боис, аввал суратларда ҳикматнинг арабча матни берилиб, таржима сурат остида тақдим этилган. Бу ҳам яхши бир услуб: ўқувчи таржима қилишни ўрганиш билан бирга энг қимматли ва сара маълумотларга, илм-маърифатга эга бўлади. Ҳикматларнинг кўпи халқ оғзаки ижодига айланиб улгургани учун кўп ўринда уларнинг муаллифи шахсан кўрсатилмаган. Аммо таржимонимиз омонат сифатида, уларни асосан қуйидаги интернет саҳифаларидан олинганини айтади:
(١ثقف نفسك
(٢كلام من القلب
(٣خذ الحكمة
(٤بستان الحكماء
(٥ثقافة حول العالم
(٦الموسوعة بوك
(٧ثقافة وعلوم
(٨حكمة اليوم
(٩عجائب وغرائب حول العالم
(١٠أقوال أعجبتني
(١١كنوز من الحكمة
(١٢ذكر الله
(١٣عذب الكلام
(١٤عالم الثقافة والمعرفة
Ҳикматларни таржима қилишда имкон қадар ўртача йўл тутишга ҳаракат қилинган: бир йўла матнга ёпишиб олиб, айнан сўзма-сўз таржима қилишдан ҳам, матнни бир четга қўйиб, умумий маънони таржима қилишдан ҳам қочилган. Чунки таржима тамоман сўзма-сўз бўлиб қолса, ўрганувчиларнинг малакасини ошира олмайди, натижада ўқувчи ғализ ва тор таржима қилишдан нарига ўта олмай қолади. Агар умумий мазмунни ўгиришга ўтилса, бунда ҳам ўқувчида таржима маҳорати шаклланмайди, матнни тўлиқ эмас, балки хулоса шаклида таржима қиладиган ва қоидаларни ишлата билмайдиган бўлиб қолади. Агар ўқувчиларимиз ушбу таржимадан ва ундаги маънолардан озгина бўлса-да фойда олсалар, мақсадга етган бўламиз. Аллоҳ талодан ушбу камтарона уринишни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айлаб, барча китобхонларимиз учун манфаатли қилсин. Муҳтарам таржимонимиз Анвар Аҳмад жанобларига оилавий бахт-саодат, сўнмас ғайрат, ижодий ишларига барака ато этсин. Ушбу «Ҳикматлар – саодатга етаклар» " "الحكم - تقود إلى السعادة китобининг кейинги қисмларини ҳам китобхонларга тез кунларда, янада юқорироқ савияда тақдим этиб боришларида Ўзи мададкор бўлсин!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
"Ҳикматлар - саодатга етаклар" китобидан олинди