1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БАРЧАМИЗ УЧУН ИБРАТЛИ ЗОТ

19-09-2023, 15:23 391 Ўқиш режими + -
Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгандир. Муқаддас динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари    мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Албатта, бу биринчи навбатда, биз уммати муҳаммадияни ўз динимизга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда бўлишига сабаб бўлса, иккинчидан, унинг таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқликка ундайди. 
Аллоҳ таоло Ўзининг энг сўнги ва комил динини мукаммал ахлоқи ҳамида соҳиби бўлмиш сарвари олам Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад алайҳиссалом динимизнинг ҳар бир замон ва маконга муносиб бўлган, шунингдек, ҳар бир шахснинг иқтидорига қараб таклиф қилинган кўрсатмаларини биз умматлари учун ўзларининг ҳаётларига тадбиқ қилиб кўрсатиб бердилар. У зотнинг энг яқин одамларидан бўлмиш завжаи мутаҳҳаралари Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари қандай эди? – деб сўрашганда, У киши: Расулуллоҳнинг хулқлари Қуръон эди, - деб жавоб берганлар. Яъни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони карим таълимотларини ўз ҳаётларига бутунлай сингдирган зот, таъбир жоиз бўлса, тирик Қуръон эдилар. 
Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мўмин-мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар бир инсон албатта, бунга амин бўлмай чораси йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда: яъни: “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”  (Аҳзоб сураси, 21-оят) – деб, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни барча мўмин-мусулмонларга ибрат бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган.
Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, муқаддас динимиз кўрсатмалари асосан, инсониятни гўзал ахлоқли бўлишга, бандага Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳамда жамият олдидаги бурчу вазифаларини гўзал суратда адо этишга, инсонлар ўртасидаги муносабатларни самимий ва беғараз амалга оширишга тарғиб қилади. Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасида мўмин-мусулмонларга ўрнак кўрсатганлар.
Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламларга пайғамбар бўлиб келган бўлсаларда, биринчи навбатда оддий бир инсон эдилар. Оддий кишилар қатори еб-ичар, бозорга бориб эҳтиёжлари учун зарур бўлган нарсаларни ҳарид қилар эдилар. Айнан мана шу жиҳатлари ҳатто баъзи бир жоҳилларни ҳайратга солар эди. Яъни, пайғамбардек зотнинг бундай оддий инсонлар қиладиган ишлар билан машғул бўлиши уларни ажаблантирар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “(Куфрда бўлганлар): “Бу қандай пайғамбарки, (оддий одамлардек) таом еса ва бозорларда юрса?! - дейдилар...”, - деб хабар берилган (Фурқон сураси, 7-оят). Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга таом келтирилса, иштаҳалари тортса ер эдилар. Агар кўнгиллари тортмаса емасдилар, лекин таомнинг камчилигини айтиб айбламас эдилар (Имом Муслим ривояти). 
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам камтарлик бобида ҳам ниҳоят даражада юксак ўрин тутганлар. Бунинг мисоли тариқасида қуйидаги ривоятни кўриш мумкин: Аллоҳ таоло У зотга пайғамбарлик билан подшоҳликни қўшиб берилиши ёки оддий банда бўлган ҳолда пайғамбар бўлиш ихтиёрини берганда, Он ҳазратлари оддий банда бўлган ҳолда пайғамбар бўлишни танлаганлар (Имом Байҳақий ривояти). Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини олиб хизмат қилган Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу У зотнинг тавозеликларини эслаб: яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Лекин, менга бирор марта ҳам “уф” демадилар. Шунингдек, бирор нарса қилсам “нима учун уни қилдинг?”, демаганлар, агар бирор ишни қилмасам “нимага буни қилмадинг?”, деб айтмаганлар, - деганлар (Муттафақун алайҳ). Демак, Он ҳазратлари ҳеч қачон бирор кимсага қўрс ва дағал муомала қилмаганлар. Ширин сўзлик ва мулойимлик билан муомала қилганлари учун ҳам, инсонлар У зотга эргашар, хизматларини қилишга ошиқишар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар…”, - деб хабар берилган (Оли Имрон сураси, 159-оят). 
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам оила аҳллари билан ҳушмуомалада бўлар, уй юмушлари билан ҳам шуғулланар эдилар. Оиша разияллоҳу анҳодан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам оила аҳллари билан ёлғиз қолганларида ўзларини қандай тутардилар, - деб сўрашганда, у киши: яъни: “Жуда мулойим муомала қилар, кулиб, табассум билан боқар эдилар. Шунингдек, оила аҳллари хизматида бўлар эдилар. Ҳеч қим У зотни саҳобалари орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрмаган”, - деб жавоб берганлар. Кўриниб турибдики, сарвари коинот пайғамбар бўлишларига қарамай оилага нисбатан зиммаларидаги бурчларини бекаму кўст адо этганлар. Уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашар, имкониятлари даражасида аҳли аёлларини нафақа билан таъминлар эдилар. Баъзи бир оила раҳбарлари эса, иш ва тирикчиликни баҳона қилиб ёки тарки дунёчиликка берилиб оиласи, бола чақасини нафақа билан таъминлаш, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланишни унутиб қўймоқдалар. Албатта, бу мусулмончиликка тўғри келмайди. Ҳар бир нарсанинг, жумладан, ишнинг ҳам, ибодатнинг ҳам ўз вақти бор. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этинг”, - деганлар. Шундай экан, аҳли аёл ва фарзандларимиз нафақаси ва таълим тарбияси билан шуғулланишни ҳам унутмайлик. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо яна: яъни: “Ҳусни хулқда пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтадиган ҳеч кимса йўқ, зеро у зот қачон бирор кимса чақирганда доимо лаббай деб жавоб берар эдилар”, - деганлар. Ушбу ҳадисдан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳушхулқликлари, У Зотга мурожаат қилган кимсага нисбатан ҳушмуомалада бўлишларини кўриш мумкин. Кўришганда саломлашиш, чақирганда лаббай дейиш, хайрлашганда эса, омонлик тилаш биз мўмин-мусулмонлар учун одатга айланмоғи керак. Зеро, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳил ва иноқликнинг зиёда бўлиши  биринчи навбатда, ҳушмуомала ва ширин суҳанликка боғлиқдир. 
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига нисбатан яқин дўстдек муомалада бўлар эдилар. Қайси бир инсон билан суҳбатлашсалар унга шундай яқин муносабатда бўлардиларки, ҳатто ҳамсуҳбатлари хаёлида - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени ҳаммадан ҳам кўпроқ яхши кўрар эканлар, деган фикр қолар эди. Саҳобаларини тоқатларидан ортиқ ишга буюрмас, акс ҳолда уларга ўзлари ёрдамлашиб юборар эдилар. Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом сафарларининг бирида саҳобаларига бир қўйни сўйиб, таом тайёрлашга буюрдилар. Шунда бирлари: Қўйни мен сўяман деса, иккинчилари, мен эса терисини шилиб, майдалайман деди. Учинчилари, уни пишириб таом тайёрлаш эса менинг зиммамга, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳолда мен ўтин териб келаман”, - дедилар. Саҳобалар: Ё Расулаллоҳ! Сиз қўяверинг, ўзимиз қилаверамиз, дейишди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Тўғри, бу ишни ҳам ўзингиз уддалайсиз, аммо мен сизлардан ажралиб туришни ҳохламайман. Чунки, Аллоҳ таоло бандасини ўз биродарларидан ажралиб турган ҳолда кўришни ёқтирмайди”, - деб жавоб бердилар. Он ҳазратларининг ушбу сифатлари ҳам камтарлик бобида биз учун ўрнак бўлмоғи лозим. Чунки, баъзи инсонларга мансаб ёки бир оз мол дунё тегиб қолса, ўзини йўқотиб қўяди. Бошқаларга нисбатан беписанд назар билан боқади. Халқимизда “камтарга камол, манманга завол”, деган мақол ҳам бор. Қолаверса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки, Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ таоло унинг қадрини кўтаради”, - деганлар. “Шифои шариф” китобида келтирилишича: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистон подшоҳи Нажжоший томонидан келган элчиларга ўзлари хизмат қилганлар. Саҳобаларнинг, бизлар хизмат қиламиз, сиз қўяверинг, дейишларига қарамай, У зот хизматдан тўхтамадилар ва: яъни: “Булар менинг Ҳабашистонга ҳижрат қилиб борган саҳобаларимга хизмат қилишган эди. Шунинг учун мен ҳам ўз қарзимни узмоқдаман”, - деганлар. Албатта, ўзгаларнинг ҳурматига нисбатан ҳурмат билан жавоб қайтариш ҳам гўзал фазилатдир. Бизлар бу соҳада ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олмоғимиз даркор.   
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам хайру саховат бобида ҳам барчага ўрнак эдилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида У зотнинг саховатлари янада ортиб кетар эди. Тонги сабо барчага хуш кайфият бахш этгани каби, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди (Муттафақун алайҳ). Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга Хиро ғорида биринчи бор ваҳий келганда, Жаброил алайҳиссаломнинг ҳайбатларидан қўрқувга тушиб, уйларига келиб ўраниб оладилар. Бўлган воқеадан хавотирланиб, уни Хадича онамиз разияллоҳу анҳога айтиб берганларида, у киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари туфайли У зотга ҳеч қандай офат ва бало етмаслигини айтиб, кўнгилларини кўтарадилар ва: яъни: “Аллоҳга қасамки, У Сизни ҳеч қачон хорлаб қўймайди. Чунки, Сиз қариндошлик риштасини боғлайсиз, доим рост гапирасиз, муҳтож одамларнинг оғирини енгил қиласиз, меҳмонни иззат-икром қиласиз, ҳақиқатпарварларга ёрдам берасиз”, - дейдилар (Муттафақун алайҳ). Албатта, бу борада ҳам биз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ибрат олмоғимиз даркор. Афсуски, ҳозирги кунимиздаги баъзи кишилар қариндошлар билан силаи раҳм қилиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ростгўйлик, инсоф, адолат каби фазилатларга ҳам беэътибор бўлиб қолмоқдалар. Баъзи бир кимсалар ўз ака-укалари билан сан-манга боришиб, ўртадаги қариндошчиликка чек қўйсалар, баъзи бировлар эса, қўни-қўшничилик ҳақларига риоя қилмай, уларга озор етказиб қўядилар. Баъзида кўча-кўйда ёшларнинг катталарга нисбатан ҳурматларини сақламаслиги, жамоат транспортларида ўриндиқдан жой бермаслик ҳолатлари ҳам содир бўлади. Албатта, булар мусулмонлар шаънига номуносиб бўлган ҳолатлардир. 
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динининг мазмун моҳиятини ўзларининг кундалик ҳаёт тарзлари, амаллари ва пурмаъно сўзлари орқали намоён қилиб берганлар. У зотнинг: яъни: “Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси гўзал ахлоқни тамомига етказишдан иборатдир” (Имом Молик ривояти), - деган сўзларида Ислом динининг асл моҳияти ифодалаб берилгандир. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг ризосини истаган, дунё ва охиратининг фаровонлигини ҳохлаган ҳар бир мўмин-мусулмон киши Пайғамбар алайҳиссаломни ўзи учун ибрат қилиб олмоғи лозим.
Muslim.uz материаллари асосида
Х.Хонимов
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби