1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ

27-09-2023, 15:33 214 Ўқиш режими + -
                          Инсон бўлиб дунёга келишликнинг ўзи Аллоҳ таолонинг инсонга катта марҳаматидир. Аллоҳ марҳамат қилган бу ҳаётда тўғри яшаш, умрнинг мазмунини англаш  ҳам бир саодат. 
  Инсон бу дунёда имтиҳонда экан, у бошига тушаётган ҳар бир мушкул, машаққатларни сабр –тоқат билан енгиши лозим. Инсон имтиҳон учун берилган ҳаёт қийинчиликлари олдида сабр қилолмасдан ўз жонига қасд қилиши унинг жоҳиллигидан бошқа нарса эмас.           Баъзи бир инсонлар ўзларини ўлдириш билан бошқа кишилардан қасос олмоқчидай бўлишади. Бу ҳам ўша инсоннинг нодонлигидан бошқа нарса эмас. Ҳеч бир киши ўзини ўлдириб бошқа кишидан қасос ололмайди, балки ўзига жуда катта  зулм қилади, холос.   Чунки бу дунёда ҳар бир кишининг яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам ўзи учундир. Бу ҳақда “ Қуръони Карим”да: “ Бас,  ким ( ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса ( Қиёмат кунида) ўшани кўрар. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!”. ( Залзала сураси, 7-8-оят)
             Инсоннинг ўз-ўзини ўлдиришлиги яратган омонат қилиб берган жонга хиёнат қилишидир.  Чунки Аллоҳ таоло танамизга жон деган омонатни бериб, бизга ҳаёт деган неъматни берди. Вақти-соати етиб Аллоҳ таоло бизга берган жон омонатини олади. Аммо   шунга қадар инсон Аллоҳ таолонинг омонати бўлган жонга хиёнат қилмаслиги керак. 
          Инсоннинг ўз-ўзини ўлдириши ўзига абадий азобни сотиб олишидир.  Бирор киши ўзини тепаликдан пастга ташлаб ўлдирса, дўзахда доим шундай азобга абадий гирифтор бўлади. Пайғамбар (с.а.в.): “Кимки тоғ тепасидан ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хилда азобга гирифтор бўлади ...”. ( Бухорий ривояти). Инсон ўзини заҳар ичиб ўлдирса, дўзахда мана шу азобга абадий мубтало бўлади. Ҳадисда: “...Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади”. ( Бухорий ривояти). Биров ўзини пичоқ ёки бошқа бир темир асбоби билан ўлдирса, у кимса шу темир парчаси суқилган ҳолда дўзах азобида қолади. Ҳадисда: “ ...Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади” ( Бухорий ривояти). Бирор киши ўзини осиб, сувга ташлаб ёки ўзига олов бериб ўлдирса ҳам дўзахда абадий шу азоб билан азобланади. Бу ҳақда пайғамбаримиз с.а.в. “ ...ўзини  сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинганлар ҳукми билан баробардир”, дейдилар. Биров ўзини-ўзи бўғиб   ёки ўзига олов бериб ўлдирса ҳам дўзахда шундай азобга қолади. Ҳадисда шундай дейилади: “ Ким ўзини-ўзини бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса дўзах оловида шундай азобга қолади”.  
           Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз жонига қасд қилишдан тийилиб, Аллоҳ таоло берган ҳаётни қадрлаб, умрни эзгу ишларга сарфла  яшаши лозим. Ана шундай инсонлар  дунё ва охират саодатига эришадилар.   
 
Р. Акбаров
 ЎМИнинг Қашқадарё вилояти вакиллик ходими