Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналар бўлсин, икки олам сарвари Пайғамбар алайҳиссаломга саловоту саломлар бўлсин! Аллоҳ таоло инсонни Ўзи яратган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азиз қилиб яратди. Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Исро” сураси 70 оятида шундай марҳамат қилади: яъни “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ўз бандаларига ато этган беҳисоб неъматларини ёд этиш билан бирга, инсоннинг нақадар улуғ бир мавжудод эканлигига гувоҳлик беради.
Расулуллоҳ (сав) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: яъни: “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир” – деган эканлар. Мана бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейиладики, яъни “Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу шаҳват йўқ. Ҳайвонотда эса, нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, нафсу шаҳват фақат нафсни қондириш, шаҳвоний ҳирсни қониқтиришга ва бунинг учун ҳар қандай гуноҳу маъсият ишларидан қайтмасликка бошлайди. Бинобарин, агар инсоннинг ақли нафсу шаҳватидан ғолиб келиб, унинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у фаришталардан ҳам улуғ мақомда юрган бўлади. Аммо, бордию нафсу шаҳвати ақлидан ғолиб келиб, уларнинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у ҳайвонлардан ҳам паст мартабада қолган бўлади.
Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло “Инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратдик” – деди. Тафсир китобларида инсоннинг қайси неъматлар туфайли мукаррам эканлиги тўғрисида кўпгина мисоллар келтирилган. Баъзи муфассирлар мазкур оятни шарҳлаб, инсонга ато этилган неъматларни иккига тақсим қилганлар:
- Жисмоний неъматлар. Бунга мисол қилиб, сиҳат-саломатлик, яхши таом, чиройли либос, фаровон турмуш кабилардан иборат бўлиб, бу неъматлар барча бандаларга баробар берилаверадиган нарсалардир.
- Руҳоний ёки маънавий неъматлар. Бунга мисол қилиб, имон, ислом, рушду ҳидоят, ахлоқ, инсофу тавфиқ каби ижобий сифатлардан иборат бўлиб, бу неъматлар фақат Аллоҳ таолонинг иноятига мушарраф бўлган бандаларигагина насиб бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг бу неъматларини зикр қилишидан мақсади – ҳар бир инсон ўзига ато этилган беҳисоб неъматларига шукр қилсин, бу нарсаларнинг қадрига етиб, уларни фақат хайрли ва фойдали ишларга сарф этсин, деган маънодадир.
Пайғамбар (сав) ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки: яъни: “Кимики ўзидан тўрт нарсани берса, унга ҳам Аллоҳ таоло тўрт нарса ато қилур”. Бу ҳадиси шарифни муҳаддислар Қуръони каримдаги тўртта ояти карима билан тафсир қилган эканлар:
1. Кимики Аллоҳ таолони зикр этиб, доимо ёдида тутса, Ҳақ таоло ҳам уни ёд этади.
Бас, Мени ёд этингиз, Мен ҳам сизларни ёд этурман... (Бақара сураси 152-оят)
2. Кимики ихлос билан дуо қилса, Аллоҳ таоло ҳам дуосини ижобат қилади.
Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) мустажоб қилай! (Ғофир сураси 60-оят)
3. Кимики берилган неъматларга шукр қилса, Аллоҳ таоло ҳам неъматларини янада зиёда қилаверади.
Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. (Иброҳим сураси 7-оят)
4. Кимики истиғфор айтиб, гуноҳларига тавба қилса, Ҳақ таоло ҳам унга ўз раҳмат ва мағфиратини ато қилгай.
...Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Нур сураси 10-оят)
Парвардигори олам гуноҳига астойдил тавба қилган ва ёмон ишидан тийилган бандасини, Ўзининг раҳмат ва марҳаматларига мушарраф қилади. Қуръони каримда: яъни “Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир”, деб марҳамат қилади. Мазкур суранинг кейинги 136-оятида эса: “Айнан уларнинг мукофотлари - Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Яxши) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яxши!” – дейди.
Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини сақлаб, барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Барчаларимизга азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсонийлик сифатига муносиб амал қилиб боришлигимизни эсдан чиқармайлик.
Muslim.uz материаллари асосидаХ.ХонимовДеҳқонобод тумани бош имом-хатиби