1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАСИ

7-03-2020, 16:37 1 057 Ўқиш режими + -

                                             

ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАСИ

 

Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир.  Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат этади:

 

إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

(سورة النحل/ 90)

 

яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга(доимо) насиҳат қилур”.

 

Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди:

 

وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالجَنبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً 

 (سورة النساء / 36)

 

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”).

 

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда “силаи раҳм” дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган. Аллоҳ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолайди:

الَّذِينَ يُوفُونَ بِعَهْدِ اللّهِ وَلاَ يَنقُضُونَ الْمِيثَاقَ  وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الحِسَابِ  (سورة الرعد /20-21)

 

яъни: “Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва “ал-Мийсоқ”ни (ваъдани)бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар”.

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам умматларини силаи раҳмга чақирганлар ва қариндошлик алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.

 

Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат бериб, бундай деганлар:

("مَنْ  سَرَّهُ أنْ يٌعَظِّمَ اللهُ رِزْقَه وأن يَمُدُّ في اَجَلِه فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ" (متفق عليه

 

яъни: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Муслим). 

Бирон-бир киши: “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам, менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам, буни асло эътиборга олмайдилар”, деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришдан қайтарганлар. Уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар:“Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир”.

 

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки бунинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади:

 

فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِن تَوَلَّيْتُمْ أَن تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ  أُوْلَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ  (سورة محمد / 22-23)

 

яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир”.

 

Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашни Ўзи буюргани, аммо шунга қарамай айримлар бу алоқаларни кесиб, ер юзида бузғунчилик қилишларини қоралаб, бундай дейди:

الَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِن بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الأَرْضِ أُولَـئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ  (سورة البقرة /27

 

яъни: “Бундайлар Аллоҳ аҳдини маҳкам қилганидан кейин бузишади, Аллоҳ уланишга буюрган қариндошлик ришталарини кесишади ва ер юзида бузғунчилик қилишади, ана шулар зиёнкорлардир”.

 

Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини улашга буюргани ҳолда гумроҳ кимсалар хеш-ақраболарига силаи раҳм қилмай, бу ришталарни ҳам узишади. Оқибатда улар жаннат юзини кўришмайди.  

Қавм-қариндошлар билан алоқани боғлаш имондандир, бу алоқаларни узиш эса кофир-фосиқларга хос хислатдир. Уламолар айтишадики: «Киши қариндошлари орасида бўлса, ўзаро ҳадя ва зиёрат ила боғланиб туриши вожиб бўлади. Мол билан марҳамат кўрсатишга қодир бўлмаса, зиёрат қилиш, ишларига ёрдам бериш билан боғлансин. Агар бунинг ҳам иложи йўқ бўлса, улар билан хат орқали боғланиб турсин. Боришга имкони бўлса, боргани афзал».

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қариндошлар билан боғланиш савобидек тез келдиган яхшилик йўқ. Дунёда тезгина азоб бериб, охиратда ҳам азоб бўладиган гуноҳ қариндошлардан алоқани узишдир»; «Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар жаннатга кирмайди»; «Ким ризқи мўл бўлишини, ажали орқага сурилишини истаса, қариндошлик алоқаларини узмасин»; «Қариндошга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳм ҳисобланади. Уларга икки ажр берилади: бири – қариндошлик ажри, иккинчиси – садақа ажри», дедилар.

Бир киши Пайғамбарга (алаҳиссалом) мурожаат этиб бундай деди: «Эй Аллоҳнинг элчиси! Менга мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган бир амалнинг хабарини беринг». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга бирор нарсани шерик қилмайсан, намозни адо этасан, (закотни) тақводорларга берасан ҳамда силаи раҳм қиласан», деб жавоб қилдилар. Уламолар нақл қилишларича, бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, «Мен қариндошларга боғландим, улар мендан узилдилар, уларни кечирдим, менга зулм қилдилар, уларга яхшилик қилдим, менга ёмонлик қилдилар – уларга ўзларидек муомала қилайинми?» деб сўради. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Йўқ, унда гуноҳга шерик бўлиб қоласан. Сен уларга яхшилик қил ва янада боғлан. Агар сен шу ишингда давом этсанг, ҳамиша Аллоҳдан қувват сенга давомли бўлади».

Қариндошлик алоқаларини боғлаш вожиб бўлган қариндошлар – опа-сингиллар, холалар, аммалар ва опа-сингилларнинг қизларидир. Қариндошлар билан алоқани узиш тез орада жазоланишнинг, уқубатга учрашнинг асосий сабабларидан биридир. Силаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор: 

1. Аллоҳ таолонинг розилиги бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради. 

2. Мўминларга хурсандчилик етказиш бор – бу ҳақда хабар келган. 

3. Силаи раҳм билан фаришталар хурсанд бўладилар. 

4. Силаи раҳмда мусулмонларга яхши мақтов бор. 

5. Иблисга ғам етказиш бор. 

6. Силаи раҳмда умр узаяди. 

7. Ризқда барака бўлади. 

8. Марҳумлар хурсандлиги бор, чунки ота-она ва боболар ортларида қолганларнинг силаи раҳмидан мамнун бўладилар. 

9. Дўстлик кучаяди, чунки бир сабаб билан қавм-қариндошлар тўпланишиб, қувонч ёки ғамда бир-бирларига шерик бўладилар ва бу ҳол уларда дўстликнинг кучайишига сабаб бўлади; 

10. Ўлгандан кейин ҳам ажрининг кўпайиши бор. Чунки қариндошлар ортидан дуо қиладилар, ҳамма вақт яхшиликларини эслаб юрадилар.

 Одобимизда яқинлар ва қариндошлар билан алоқа-муносабатларни (силаи раҳмни) узиш энг оғир жиноятлардан саналади. Агар улар арзимас сабаблар туфайли сиздан ўпкалаб, гина қилиб юришса ҳам, сиз аввалгидай муомалангизни рисоладагидай қилаверинг, уларга яхшилик ва эҳсонларингизни кўпайтираверинг.   Қариндош-уруғлардан кимдир сиздан ўпкалаб ёки ноўрин ранжиб юрган бўлса ҳам, сиз уникига боришни канда қилманг, ҳолидан хабар олинг, қўлингиздан келган ёрдамингизни кўрсатаверинг. Айбдорларни изламанг, шайтон васвасаларига учманг, ғурур ва кибр домига тушманг. Яқинларингизнинг сиздан норози бўлишларига йўл қўйманг. Ғурур ва кибр инсонни ҳалокатга олиб борувчи, икки дунёсини харобага айлантирувчи энг ёмон иллатлардандир.

Ривоятларда келтирилганидай, ака синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайхонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди. Бизлар эса кўпинча вақтимиз етишмаслигини, қўлимиз қисқалигини, синглимиз бизга яхши муомалада бўлмаганини,  у хотинимизга ёқмаслигини ва бошқа ўнлаб турли сабабларни баҳона қилиб, улар ҳолидан хабар олиш, мушкулотида ёрдам бериш, кўнглини кўтаришдан ўзимизни олиб қочамиз. Бу қилиғимиз билан буғдойзор дала у ёқда қолиб, кўнгил далаларини пайхон қилиб юрамиз.

Имом Бухорийнинг биргина “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадис китобларида силаи раҳм ҳақидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ўнлаб ҳадиси шарифлар келтирилган. Қуйида шулардан айримларини келтирамиз:

Абу Бакрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узишдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ», деганлар». 

 Абдуллоҳ ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг отаси яхши кўрган одамларга силаи раҳм қилиши яхшиликларнинг яхшисидир», деганлар. Изоҳ: ота вафотидан кейин у яхши кўрган кишилар билан алоқани узиб юбормаслик (силаи раҳм) яхшиликнинг энг аълоси, дейилмоқчи.

Абу Бакр ибн Ҳазмдан (у киши Набий алайҳиссалом саҳобаларининг бири) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дўстлик мерос қолдирилади», деганлар.

 Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ризқи кенг бўлишини ва ортидан асари қолишини истаса, силаи раҳм қилсин»,деганлар». Изоҳ: «асар» деганда банда вафотидан кейин ундан яхши ном ва хотира қолиши кўзда тутилган.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ораларида қариндошлик алоқасини узувчиси бор қавмга раҳмат тушмайди»,деганлар».

Жубайр ибн Мутъимдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганлар».

Абдуллоҳ ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳдан қўрққан бўлса, силаи раҳм қилган бўлса, унинг ажали орқага сурилади, моли кўпаяди, яқинлари уни яхши кўради», деганлар». 

Абу Айюб Ансорийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий алайҳиссалом йўлларини тўсиб чиқиб: «Жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амал хабарини беринг», деди. У зот: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан, намозни адо қиласан, закотни берасан, силаи раҳм қиласан», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ким ўзи бой бўлсаю такаббурлик ортидан камбағал қариндошларидан алоқасини узса, уларга хайр-эҳсон қилмаса, Яратганнинг ғазабига учраб, мукофотидан маҳрум бўлади. Фақат тавба қилиб, эҳсонини кўпайтирса ва уларнинг кўнглини олсагина гуноҳи кечирилади. Қариндошлар билан алоқани боғлаш ризқнинг зиёда, умрнинг узун ва ёмон ўлимдан сақланиш сабабларидандир.

Барчамиз дунёда вақтинчалик меҳмонмиз. Мол-дунё ҳам, шон-шавкат ҳам, амал-мартаба ҳам, ҳаммаси бир куни йўқлик сари юз тутади. Бугун қўлингиз узун, обрў-мартабангиз баланд бўлса, эртага ҳаммаси аксинча кўриниш олиши мумкин. Кеча назарингизга ҳам кирмаган бир одам эртага сиздан бойлик-мартабада илгарилаб кетиши мумкин. Ана шу ҳақиқатни ҳамиша ёдда тутиб, ака-укалар, опа-сингиллар, яқинлар, қариндошлар, қўни-қўшниларга бағрингизни очинг, ёрдамингизни дариғ тутманг. Ҳеч бўлмаганда бир оғиз ширин сўзингизни аяманг.

Ҳар вақт қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавму қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали Парвардигор раҳматига сазовор ва Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак шафоатларига лойиқ бўлишимиз борасидаги саъй-ҳаракатларимизда Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлсин! Аллоҳ таоло барчаларимизни рушди ҳидоятидан адаштирмасин. Қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкам бўлишини насибу рўзи қилсин. Ўзини розилигига олиб борадиган амалларда барчаларимизни бардавом айласин!

 

 

Ш.Низомов

ЎМИ Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги масъул ходими