Шукр қилиш неъматни зиёда қилади
Албатта, берилган неъматларга шукр қилишлик неъматни янада зиёда бўлишига сабабчи бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта. (уларни янада) зиёда қилурман...”. ( Иброҳим сураси, 7-оят).
Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз берилган неъматларга шукр қилишимиз лозим. Алишер Навоий ҳазратлари ҳам шундай ёзадилар:
Шукр айлади шиддатда рижо изҳори,
Ҳар меҳнат аро дафъи бало изҳори,
Мол истасанг эт шукру сано изҳори,
Ким шукр демак қилур ғино изҳори.
Аллоҳ таолога шукр қилиш одамларга раҳмат айтишни инкор қилмайди. Балки бир инсон бошқа бир инсонга ёрдам қўлини чўзса, аввало худога шукр ва ўша инсонга раҳмат айтишимиз лозим. Шундай қилсак, шукримиз тўлиқ намоён бўлади. Зеро, одамларга шукр қилмайдиган одам худога ҳам шукр қилмайди. Бу ҳақда ҳадисда ҳам шундай дейилади: “ Одамларга шукр қилмайдиган, худога ҳам шукр қилмайди”.
Ҳазрати Алишер Навоий шундай дейдилар:
Улки холиққа шукр дер, аввал
Шокир ўлмоқ керак халойиқдин.
Кимки махлуқ шукрини демагай,
Демағай доғи шукри холиқдин.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг вазифаси берилган неъматларга шукр қилишдан иборат. Зеро, шоир бу ҳақда шундай ёзади:
Аллоҳ биздан аямади неъматларини,
Неки берса берди барчасин тўкис. Неъмати учун қилмади миннатларини, Шукр қилса бўлди бандаи ноқис.
Берилган неъматларга шукр қилишлик ва инсонлардан миннатдор бўлишлик, уларга раҳмат айтиш жамиятда яхшиликни кўпайишига ва уни яна бардавом бўлишига сабабчи бўлади. Кўрсатган кунига, берган ризқига, соғ-саломат эканлигимизга шукр қилиб яшаш бахтига ҳаммамиз муяссар бўлайлик.
Р. Акбаров.