Албатта, мўмин фирқаларга қўшилмайди. Қуръони каримда:
واعتصموا بحبل الله جميعا ولا تفرقوا...(سورة ال عمران/103).
яъни: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...”, - дейилган (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ислом дини фирқаланишни қоралайди. Айрим бузғунчи тоифалар мусулмонларни фирқаланишга чорламоқдалар. Аслида Исломда фирқаланиш унга катта зарар беришдир.
Шу ўринда турли бузғунчи тоифа, оқимларга муносабат масаласида шариат ҳукми нуқтаи назаридан қандай баҳо берилади? – деган табиий бир савол туғилади.
Бу саволга қатъий жавобимиз шуки, салаф уламолари уларнинг барчасини “аҳли бидъат” деб номлаганлар.
Муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб манфур ишларни амалга ошираётган аллақандай мутаассиб кучлар, табиийки, ер юзидаги барча мусулмонларнинг руҳий олами ва дунё қарашини белгилай олмайди.
Ислом дини барча мусулмонларни ҳамжиҳатликка, бирдамликка буюриб, фирқа, тоифаларга бўлинишдан қайтаради.
А. Кенгбоев,
Кўкдала тумани “Ғаллакор” масжиди имом хатиби