Инсонга яхши амаллар қилиш ярашади. Инсога бузуқ ишлар охири надомат келтиради. Айрим тоифалар ижтимоий тармоқларда мўмин-мусулмонларни бузуқ ишларга тарғиб қилмоқдалар. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради” (Наҳл сураси, 91-оят).
Ислом – инсонпарвар дин. У бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳолайди. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”.
Айни пайтда, ақидапарастликнинг таҳдиди мамлакатимизда давом этаётган ислоҳотлар муваффақиятининг гарови – сиёсий барқарорликни, миллий, фуқаролараро ва миллатлараро тотувликни бузишга, дунёвий давлатни, кўп миллатли ва кўп динли давлатни обрўсизлантиришга уринишда намоён бўлмоқда.
Терроризм – муайян сиёсий мақсадларда, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш ва аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш учун зўравонлик ишлатиш билан қўрқитишдир.
Терроризм яширин руҳдаги ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятини эгаллаш мақсадида қўлланилади.
Одамзодни ҳамиша ташвишга солувчи мазкур салбий иллатларнинг илдизлари, афсуски, узоқ ўтмишга бориб тақалади. Зеро, мозийда ҳам буюк аллома аждодларимиз уларга қарши курашда сермазмун ва пурҳикмат сўз қудратидан унумли фойдаланганлар.
Ислом – инсон қадри ва тараққиёти учун хизмат қилинадиган энг эзгу ғоялар билан йўғрилган диндир. Бироқ турли диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда.
Ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларининг ҳам ҳаёти, шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган. Шайх Юсуф Қарзовийнинг “Ислом-инсон қалбига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлувчи ва бегуноҳ одамларга ҳужум қилишни кечирилмас гуноҳ, деб ҳисобловчи сабр-тоқат динидир”, деган фикрлари ҳам сўзимиз исботидир.
Ақидапарастлар нафақат ижтимоий ҳаётнинг сиёсий, иқтисодий ёки маданий соҳаларига зарар етказадилар, балки жамиятга оммавий тарзда психологик босим ўтказиб, энг мудҳиш шакллардаги зўравонлик ва агрессивлик мафкурасини ёядилар.
Аслида эса, амалга оширилаётган қўпорувчиликлар, террорчиликларга динимизнинг мутлақо алоқаси йўқ. Ахир, муқаддас ва инсонпарвар динимизнинг қайси ҳукми Аллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидлар ва ибодатгоҳларни ичидаги диндорлари билан қўшиб портлатиб юборишга буюради?! Дин уламоларидан қайси бири бозорларда, одамлар тўпланадиган жойларда бегуноҳ инсонларни ёппасига қатл қилишга чақиради? Солиҳ аждодларимиздан қайси бирининг асарида худкушлик камарини тақиб, жамоат жойларида ўзини портлатиш орқали кўплаб маъсум инсонларнинг умрига зомин бўлиш “шаҳидлик” деб фатво берилган?! Диний аҳкомларнинг қайси қисмида бола ўз онасини қатл этиши мумкинлиги ҳақида гап боради?! Аксинча, бу разилликларнинг бари динимиз томонидан мутлақо ҳаром қилингани, пок динимизнинг ақидаю тамойилларига бутунлай ёт эканлиги ҳаммага аён ҳақиқат-ку!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар бир кемада кетаётган инсонлар баъзилари кеманинг паст қисмига, баъзилари тепасига жойлашсалар ва пастдагилар биз тепадагиларни сув олгани чиқиб тинчини бузмайлик. Шунинг учун ўзимизга пастдан бир тешик тешиб олайликда ўша тешикдан сув олайлик дейишса. Ва бу ишга тепадагилар жим қараб туришса ҳаммалари сувга ғарқ бўлишади. Агар тепадагилар пастдагиларни қўлларидан тутиб қолишса ҳаммалари нажот топишади” деган мазмундаги ҳадислари ҳам барчани огоҳликка чақиради.
О. Бекмирзаев,
Қарши туман “Мирмирон” масжиди имом-хатиби.